1 июль куни соат 19:20 атрофида Навоий вилояти Хатирчи туманида 8 ёшли қиз йўл транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот котиби Зоир Йўлдошев.

Қайд этилишича, ҳолат тумандан ўтган 4R48 автомобиль йўлда содир бўлган. BYD Song Plus Champion автомашинаси тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 2-синф ўқувчисини уриб юборган.

Тармоқларда тарқалган видеода юқори тезликда ҳаракатланаётган 2 та автомобиль пиёдалар ўтиш жойига яқинлашиб, фуқаролар ўтаётганини кўрган бўлса-да, тезликни пасайтирмагани ва уларга йўл бермаганини кўриш мумкин. Олдиндаги машина ўтиб кетган, унинг тез ҳаракати таъсирида қиз йиқилиб тушган ва шу пайтда орқадан 135−140 км/соат тезликда келаётган BYD Song Plus Champion уни босиб кетган.

Ҳодиса оқибатида қиз олган тан жароҳати сабаб воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат бўйича Жиноят кодекснинг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси тақдим қилган маълумотларга кўра, 2024 йилнинг январь-май ойларида жами 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Уларда 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи турли даражада тан жароҳатлари олган.