Жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судида 8 кунлик чақалоғини сотмоқчи бўлган эр-хотинга ҳукм ўқилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Қашқадарё вилояти суди матбуот хизмати бош консультанти Фарҳод Тилавов.

Қайд этилишича, 53 ёшли Б.Қ. (эркак) ҳамда 35 ёшли М.А. (аёл) қиз фарзандини 190 млн сўмга сотмоқчи бўлган. Суддаги кўрсатмасида эр-хотин ушбу пулга уй сотиб олмоқчи бўлганини айтган.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1971 йилда туғилган, 7 фарзанднинг отаси бўлган эркак бу аёл билан ўзи қоровул бўлиб ишловчи корхонада шаръий никоҳ асосида бирга яшаб келган. Улар 25 февраль куни қиз фарзандли бўлган.

5 март куни чақалоқни сотиб олмоқчи бўлган фуқаро эркакнинг уйига борган. Ота келишилган пулдан 45 млн сўмини олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича туман судининг 28 июндаги ҳукми билан ота-она Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Эркакка 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш, аёлга эса 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.