Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашлари депутатлари, Сенат аъзоларига нисбатан янги талаб ва жазо чораларини жорий этувчи қонунларга қўшимчаларни имзолади. Парламентнинг қуйи палатаси тузатишларни 11 июнь куни, юқори палата эса 22 июнь куни маъқуллади.

Ўзгартиришларга кўра, депутат ва сенаторнинг ваколатлари қуйидаги қўшимча ҳолатларда муддатидан олдин тугатилади:

  • агар Сенатда доимий асосда ишлайдиган депутат ва сенатор бундай фаолиятга йўл қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш олгандан кейин пуллик фаолиятнинг бошқа турлари билан шуғулланса (илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари).
  • бир календар йили давомида 30 ва ундан ортиқ иш куни давомида узрли сабабларсиз тегишли палата, ўзи сайланган сиёсий партия фракцияси, қўмита, комиссия фаолиятида қатнашмаса. Бундай ҳолда, уларнинг ваколатлари тегишли равишда Қонунчилик палатаси ёки Сенатнинг қарори билан тугатилади.
  • чет давлатда доимий яшаш гувоҳномаси ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни олса;
  • партия рўйхати асосида сайланган депутат уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия аъзолигидан чиқса.

30 кун йиғилишларда қатнашмаслик ҳолатида чақириб олиш ҳақида парламент палаталарининг ўзлари қарор қабул қилади, бундан олдин Қонунчилик палатаси депутати ва сенатор мақоми тўғрисидаги қонунга биноан, ваколатдан озод этиш сайловчиларнинг овоз бериши йўли билан амалга оширилган — қарор Марказий сайлов комиссиясига йўналтирилган, у эса тегишли ҳудуд аҳолиси ўртасида овоз бериш ўтказган. Бошқа барча ҳолатларда ваколатдан маҳрум қилиш ҳали ҳам сайловчилар ўртасида овоз беришдан билан амалга оширилади.

Қонунда депутатнинг ўзи аъзо бўлган сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида иштирок этиш мажбурияти ҳам белгиланган.

Депутат ва сенаторнинг ахлоқ қоидалари тегишли равишда Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қарори билан тасдиқланади. Депутат ёки сенатор ахлоқ қоидаларини бузган тақдирда, унинг хулқ-атвори масаласи тегишли палата ёки унинг ахлоқ комиссияси (агар гап кенгаш депутати ҳақида бўлса, халқ депутатлари кенгаши) томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

Қонун 11−1-модда — «Депутатнинг, сенаторнинг одоб-ахлоқ қоидалари депутат, сенатор томонидан бузилганлиги учун қўлланиладиган чоралар» билан тўлдирилади.

Депутат ёки сенатор ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун уларга нисбатан қуйидаги таъсир чоралари қўлланиши мумкин:

  • депутат ёки сенаторга депутат, сенаторнинг ахлоқ қоидаларини бузишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш бериш;
  • депутат ёки сенатордан тегишли равишда Қонунчилик палатаси ёки Сенат мажлисларида, шунингдек, у сайланган қўмита ёки комиссияда кечирим сўраш талаби;
  • палата йиғилишида депутат ёки сенатор томонидан депутат, сенаторнинг ахлоқ қоидалари бузилгани тўғрисида эълон қилиш;
  • Сенатда доимий асосда ишлайдиган депутат ёки сенаторнинг маошидан ушлаб қолиш;
  • депутат ёки сенаторнинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш.

Сенатда доимий асосда ишлайдиган сенатор тегишли палата, ўзи таркибига кирган сиёсий партия фракцияси, шунингдек, у сайланган қўмита, комиссия мажлисларида узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, ҳар бир иштирок этилмаган ҳолат учун депутатнинг, Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторнинг бир кунлик иш ҳақи уларнинг розилигисиз ушлаб қолинади.

Шу билан бирга, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, иш сафари, меҳнат ёки ижтимоий таътилда бўлгани, шунингдек, йиғилишларда қатнаша олмасликнинг олдиндан хабардор қилинган бошқа сабаблари узрли сабаблар ҳисобланади.

Халқ депутатлари кенгаши депутати, Қонунчилик палатаси депутати ва Сенат аъзосини чақириб олиш учун асослар рўйхатига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ўз вазифаларини тизимли, узрли сабабларсиз бажармаслик, шу жумладан, халқ кенгаши депутатлари, Қонунчилик палатаси, Сенат ва уларнинг органлари топшириқларини бажармаслик ҳам киритилган.

Қонунбузарликлар учун депутатлар ва сенаторлар иш ҳақининг бир қисмини ушлаб қолиш учун Меҳнат кодексининг 269-моддаси 2-қисмига ўзгартиришлар киритилди.