Маданият вазирлиги Озодбек Назарбеков маҳаллий кийим брендининг реклама ролигида кўриниш бергани юзасидан муносабат билдирди.

Ташкилотнинг маълум қилишича, вазирлик раҳбари The Voice of Uzbekistan («Овоз») лойиҳаси ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида мазкур кийим дўконига бориб, лойиҳанинг навбатдаги сонини тасвирга олиш жараёнида қатнашиш учун лойиҳа имижмейкерлари билан биргаликда либос танлаган.

«Либос танлаш жараёнида, лавҳада айтиб ўтилганидек, Озодбек Назарбеков миллий бренд ривожи учун ўзининг шахсий фикрларини билдириб, тавсия бериб ўтган. Бу орқали мамлакатимизда яратиб берилган қулай бизнес муҳити туфайли фаолиятини самарали йўлга қўйган, хорижникидан асло қолишмайдиган, сифатли маҳсулотлар тайёрлашга интилаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган», — дейилади хабарда.

«Бундан вазирнинг ҳеч қандай моддий манфаатдорлиги ёки реклама орқали наф олиш мақсади кўзланмаган», — деб қўшимча қилинади баёнотда.

Ўз навбатида, вазир «Ўзбекистон халқ артисти ва давлат хизматчиси сифатида мамлакатнинг барча қонунларини ҳурмат қилиши ва уларга қатъий риоя этиши»ни таъкидлади.

Ҳозирда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур вазият бўйича ўрганиш бошлаган.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасида мана бундай банд бор: «Товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганини кўрсатиш тақиқланади».