Ўзбекистондаги энг йирик уяли алоқа операторларидан бири Mobiuz жума куни эрталаб биллинг тизими билан боғлиқ айрим хизматлар профилактика ишлари туфайли вақтинча ишламай қолаётганини маълум қилди.

«Кутилмаган ҳолат натижасида ҳозирда Mobiuz`нинг баъзи хизматлари фаолияти чекланган. Хусусан, рақамлар балансини ва турли тўпламлар қолдиғини текшириш, янги хизматларни фаоллаштириш, ҳисобни тўлдириш, янги рақамларни улаш каби хизматлардан вақтинча фойдаланиб бўлмаяпти. Техник ишлар компаниянинг биллинг тизимида олиб борилаётгани сабабли компаниянинг мобил иловасидан фойдаланишни ҳам вақтинчалик иложи йўқ», — дейилади хабарда.

Операторнинг асосий хизматлари — мобил интернет, овозли қўнғироқлар ва SMS хабарлар одатдагидек ишламоқда.

Mobiuz вакили Сардор Тожиев абонентлар балансида етарли маблағ бўлмаса ёки тариф режаси ёки интернет-пакетида мегабайт қолмаган бўлса ҳам, профилактика ишлари давомида хизматлардан фойдалана олиш мумкинлигига ишонтирди.

«Балансингизни тўлдира олмаган бўлсангиз ёки тарифдаги тўпламлар қолмаганлигида, рақамингиз бандланмайди ёки манфий балансга ўтиб кетмайди. Сиз алоқада қолишингиз ва рақамингиз ҳақида қайғурмаслигингиз мумкин!» — деди у.

Ишлар якунланганидан сўнг компания абонентларни бу ҳақда хабардор қилади ҳамда тариф ва хизматларингиз ҳолатини қайта кўриб чиқиш учун барча зарур чораларни кўради, деди оператор вакили.

Февраль ойи ҳолатига кўра, 7,7 миллион абонент Mobiuz хизматларидан фойдаланиши маълум бўлганди; 2023 йилда ўсиш 700 мингни ташкил этган.