Қирғизистонда 3 июль куни Афғонистонда ишлаб чиқариладиган «Олтин ҳаёт» анор ичимлиги дўконлардан олиб қўйила бошлади. Иш ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Касалликларнинг олдини олиш ва давлат санитария-эпидемиология назорати бўлимининг буйруғига биноан амалга оширилмоқда, деб ёзди 24.kg Ўш шаҳри мериясига таяниб.

Лаборатория тадқиқотлари натижаларига кўра, ичимликда азорубин Е122 синтетик озиқ-овқат бўёқлари топилган, бу болаларнинг фаоллиги ва эътиборига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Чакана савдо тармоқлари раҳбарларига ушбу маҳсулотларни сотишни тақиқловчи буйруқлар берилмоқда.

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳам ижтимоий тармоқлардаги хабарларга муносабат билдирди. Ташкилот маълумотларига кўра, ушбу маҳсулотларнинг ҳар бир партияси (мамлакатда Royal ва бошқа номлар билан сотилади) Ўзбекистонга олиб кирилганда лаборатория синовларидан ўтказилган, натижада инсон саломатлигига зарар етказадиган зарарли моддалар аниқланмаган.

Ҳозирда Афғонистонда ишлаб чиқарилган анор таъмли махсулотлардан қайта намуналар олиниб, назорат тартибида лаборатория текширувлари олиб борилмоқда, дея қайд этди қўмита.

Маълум қилинишича, бугунги кунга қадар аҳолидан ушбу маҳсулотдан заҳарланиш ёки унинг сифатсизлиги ҳақида ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган.

Азорубин Е122`нинг ЖССТ томонидан 1983 йилда белгиланган кунлик дозаси 0−4 мг/кг ни ташкил этади. «Олтин ҳаёт» ичимлиги Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам сотилади ва болалар ва катталар орасида жуда машҳур.