Фарғона вилояти Риштон туманида 4 июль куни ИИБ ходимлари ва ҳайдовчи ўртасида жанжал келиб чиқди. Бу ҳақда Kun.uz хабар қилди.

Низо келиб чиқишига ҳайдовчи йўлнинг ҳаракатланиш мумкин бўлмаган қисмида машина бошқаргани сабаб бўлган. Жанжал асносида ИИБ ходимлари ҳайдовчига электрошокер қўллаган ва хизмат хонасига олиб борган. Бироқ фуқаро хонадан ҳушсиз ҳолда, замбилда олиб чиқилган ва туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизишган. 5 июль куннинг биринчи ярми ҳолатига, фуқаро ҳалигача ўзига келмаган.

Зоҳидон қишлоғида яшовчи 33 ёшли Равшан Мадалиев ўз машинасини туман марказидаги асосий йўлга чиқиш учун ҳаракатланиш мумкин бўлмаган қисмида бошқарган. Ўша ҳудудда хизмат вазифасини бажараётган ППХ ходими ҳайдовчига чап томонда ҳаракатланиш мумкин эмаслигини тушунтираётган пайтда, ўзаро жанжал келиб чиққан.

Ҳайдовчи машинасини йўлнинг бошқа бир қисмига олмоқчи бўлганида, ходимлар машина йўлини тўсиб олишган. Низо пайтида машинанинг олд қисми зарарланган.

«ИИБ ходимлари аввал 2 киши эди. Кейин тўсатдан кўпчилик бўлиб кетишди. Машина йўлини тўсиб олиб, акамнинг машинани бошқа йўлга олишига тўсқинлик қилишди. Ходимлардан бири акамнинг қўлига электрошокер ишлатди. Кейин эса судраб, хизмат хонасига олиб кириб кетишди. Бу пайтда ходимлардан бири яна бошига урди. Акам хизмат хонасига киргунича ҳолати яхши эди. Уни хонада кўпчилик бўлиб калтаклашган. ИИБ хонасидан ҳушсиз ҳолатда чиқди. Тезкорлик билан реанимация бўлимига олиб бордик. Кечадан бери ўзига келмаяпти», — дейди воқеага гувоҳ бўлган ҳайдовчининг жияни.

Маълум қилинишича, ҳайдовчи Равшан Мадалиев 2022 йилда автоҳалокатга учраши оқибатида миясидан оғир жарроҳлик амалиёти ўтказган.

Мурожаатчи, жанжал тасвирга тушиб қолган дўкон камерасидан барча кадрлар 5 нафар ППХ ходимлари томонидан, асл ҳолатни яшириш мақсадида ўчиртириб юборилганини айтмоқда.

Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати нашрга ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. «Газета.uz» ҳолат бўйича изоҳ сўраб ИИВ матбуот хизматига сўров юборди.