Жума куни боланинг йўлда ҳалок бўлгани ҳақидаги яна бир хабар жамоатчиликни ларзага солди. Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида юз берган фожиа акс этган видео тарқалди. Воқеа ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати ҳам хабар берди.

Йўл-транспорт ҳодисаси 3 июль куни соат 18:00 атрофида Самарқанд туманининг «Жўйи Сой» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Уста Умар Жўрақулов кўчасидаги дублёрда содир бўлди.

Фото: Ижтимоий тармоқларФото: Ижтимоий тармоқлар

Видеода аввалига икки бола қандай қилиб йўлни кесиб ўтгани, сўнгра ёзувда яна бир бола (2007 йилда туғилган) пайдо бўлганини кўриш мумкин. Бола тенгдошларининг орқасидан нимадир деб қичқирди ва йўл бўйлаб югура бошлади, бироқ уни Nexia уриб кетди.

ЙҲХБ ҳисоботида айтилишича, бола «йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўнг томондан чап томонга югуриб ўтган».

Жабрланувчи Самарқанд шаҳри марказий шифохонасига етказилди ва у ерда вафот этди. Ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Газета.uz»га маълум бўлишича, видеодаги уч йигит ҳам қариндош бўлиб, улардан бири марҳумнинг укаси, иккинчиси амакиваччаси бўлган.

ЙҲХБ, ўз анъанасига кўра, «барча ҳайдовчиларни йўлларда ҳаракатланишда белгиланган тезликни оширмаслик, ота-оналарни вояга етмаган болаларга эътибор бериш, йўл ҳаракати қатнашчиларидан эса қоидаларга қатъий риоя қилишга» чақириб келади.

Йўлни кенгайтириш

2019 йил май.2019 йил май.

2023 йил апрель.2023 йил апрель.

«Газета.uz»га маълум бўлишича, марҳум боланинг ота-онаси уни йўлнинг 100 метр нарида жойлашган озиқ-овқат дўконига юборган. Бола дўкондан чиқиб, йўлнинг нариги томонига югуриб ўтаётганди.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, энг яқин пиёдалар ўтиш жойи орасидаги масофа 1 км дан ортиқ бўлгани учун одамлар бу ердан мунтазам равишда йўлни кесиб ўтади. Кўчани «белгиланган» жойдан кесиб ўтиш учун бир йўналишда 500 метр, иккинчисида ҳам шунча миқдорда юриш керак. Шу билан бирга, кўчанинг икки томонида турар жой бинолари бор.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ.Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ.

2019 йилда 2022 йиль сентябрь ойида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш мақсадида йўл кенгайтирила бошланди. Сунъий йўлдошдан олинган архив суратлардан кўриниб турибдики, авваллари йўл торроқ бўлган, ён томонларида кўп йиллик дарахтлар ўсган.

Аввалроқ Навоий вилояти Хатирчи туманида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида BYD ҳайдовчиси катта тезликда (тахминан 140 км/соат) уриб кетган 8 ёшли қизалоқ вафот этгани ҳақида хабар бергандик.

Таҳририятдан

Шавкат Мирзиёев 2022 йил февраль ойида илк бор йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган эди. У ушбу сферада юзага келган вазиятни «фавқулодда» деб атаган ва парламент, Ички ишлар вазирлиги, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, транспорт соҳаси раҳбарлари ҳамда ҳокимларни бу борада сукут сақлашда айблаганди. Шу боис бу муҳим масала билан ўзим шуғулланишга мажбур бўлдим, — деганди давлат раҳбари.

2023 йил сентябрида президент яна амалдорлар ва депутатларни йўллардаги ўлим ҳолатларига бефарқликда айблади. «Йўлларда шунча одам ўлиб кетяпти, ижтимоий тармоқларга қараб бўлмайди. Нега президент ташвиш қилиб, ҳаммани „ёндириши“ керак? Нимага депутатлар „ёнмайди?“» — деб сўраганди у.

«Газета.uz» йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ёндашувларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳамда йўлларда юқори ўлим ва жароҳатлар кўрсаткичи учун масъулият ҳақида бир неча бор ёзган. Кўплаб баёнотлар, қарорлар ва йўл хариталарига қарамай, вазият нафақат оғирлигича қолмоқда, балки ёмонлашишда давом этмоқда.

Яқинда Сенатда йилнинг дастлабки беш ойида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 65 нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлгани, 294 нафари жароҳатлангани ҳақида маълум қилинди. 2023 йилда йўлларда 263 нафар бола ҳалок бўлган, 1568 нафари жароҳатланган.

На мамлакат миқёсида, на шаҳарлар, туманлар, кўчалар ва маҳаллалар кесимида фожианинг тўлиқ манзарасини кўришнинг имкони йўқ — расмийлар томонидан эълон қилинаётган статистика узуқ-юлуқ, тартибсиз ва етарли даражада тўлиқ эмас. Аварияларда ҳайдовчилик маданияти, пиёдалар, болалар ва уларга эътибор бермаган ота-оналарни айблашда давом этилмоқда, ваҳоланки, кўчаларни нотўғри лойиҳалаш, йўл белгилари билан саводсизларча ёндашув, йўл ҳаракати қоидалари ва назоратнинг заифлиги учун жавобгарлик тан олинмай келиняпти.

Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича «самарали» ишларга бир мисол. 2022 йил 1 майдан янгиланган ЙҲҚга кўра, автомобилларнинг олд ўриндиқлари йўловчилари хавфсизлик камарларини тақишлари шарт. Бироқ ушбу талабга риоя этмаганлик учун жарима ҳали ҳам белгиланмаган, шунинг учун унга риоя қилинмайди.