Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри BYD Song Plus ва Spark иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди (видео). Ҳодиса тафсилотларини вилоят ЙҲХБ эълон қилди.

Қайд этилишича, воқеа 4 июль куни соат тахминан 07:53 ларда Қарши шаҳри «Бўстон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-92 давлат аҳамиятдаги «Қарши-Талликурон-Касби-Жейнов-Помуқ» автомобиль йўлининг 2 километрида содир бўлган. Унда ҳайдовчи Р.А. бошқарувида бўлган Spark орқага бурилаётганида орқасидан ҳаракатланиб келаётган, ҳайдовчи Х.Л. бошқарувида бўлган BYD Song Plus йўлига чиқиб кетган ва тўқнашув юз берган.

Зарба оқибатида Spark қарама-қарши йўналишдаги Nexia билан ҳам тўқнашган.

Оқибатда Spark ҳайдовчиси Р.А. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган, лекин шифокорлар томонидан биринчи ёрдам кўрсатилишига қарамасдан шифохонада вафот этган.