Масъуд Пезешкиён Эрондаги президентлик сайловларининг иккинчи босқичида ғалаба қозонди, дея хабар қилди Reuters мамалакат ички ишлар вазирлигига таяниб.

«Жума куни сайловчиларнинг кўпчилигининг овозларини қўлга киритиб, Пезешкиён Эроннинг навбатдаги президенти бўлди», — дейилади Эрон ички ишлар вазирлиги хабарида.

IRNA`нинг ёзишича, келиб чиқиши озарбайжон бўлган Пезешкиён 16,4 млн (сайловда қатнашганларнинг 54,8 фоизи) овоз тўплаган. Унинг рақиби Саид Жалилийга эса 13,5 млн (45,2 фоиз) эронлик овоз берган.

Биринчи босқичда икки номзод ҳам 50 фоиздан кўп овоз тўплолмаганди. Масъуд Пезешкиён 42,5 фоиз, Саид Жалилий эса 38,5 фоиз овоз жамғарганди.

Эслатиб ўтамиз, Эронда президент сайловлари собиқ президент Иброҳим Раисий вафоти муносабати билан муддатдан аввал ўтказилди. Ичида Иброҳим Раисий бўлган вертолёт 19 май куни Эрон шимоли-ғарбидаги тоғли ҳудудга қулаб тушганди. У Озарбайжон билан чегарадаги Аракс дарёси тўғонининг очилиш маросимидан қайтаётган эди. Унга ҳамроҳлик қилган делегация, жумладан, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян ҳам вафот этган.