ҲАМАС Ғазо секторида сулҳ тузиш учун янги таклиф киритганидан кейин Исроил Фаластин гуруҳи билан музокараларни давом эттиришга рози бўлди, деб хабар беради Reuters.
Исроил разведка хизмати «Моссад»нинг раҳбари Девид Барнеа келишув тафсилотларини, шу жумладан, ҲАМАС асирлигидаги гаровга олинганларни озод қилишни муҳокама қилиш учун Қатарга борди, деб аниқлик киритди The Times of Israel.
Исроил музокаралар гуруҳидаги манба Reuters`га келишувга эришиш учун «ҳақиқий имконият бор» эканини айтди. «ҲАМАС томонидан илгари сурилган таклиф жуда муҳим жиҳатни ўз ичига олади», — деди агентлик суҳбатдоши.
Исроилнинг ҲАМАС таклифига муносабати аввалгиларидан кескин фарқ қилади, олдинлари Исроил расмийлари гуруҳ томонидан илгари сурилган шартларни номақбул деб атарди, эътибор қаратди Reuters.
Исроил ҲАМАСдан сулҳ келишуви бўйича навбатдаги таклифни 3 июль куни олди. У май ойи охирида президент Жо Байден томонидан тақдим этилган АҚШ режасига жавоб бўлди. Таклиф уч босқичдан иборат. Биринчиси гаровга олинганлар ва фаластинлик маҳбусларни алмаштиришни, шунингдек, қисқа муддатли сулҳни назарда тутади.
Фаластин расмийси Reuters агентлигига ҲАМАС баъзи нуқталарда, агар Исроил буни маъқулласа, қисман келишувга эришишга имкон берадиган «мослашувчанлик намойиш этганини» айтган.
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги тинчлик режаси бўйича асосий келишмовчиликлардан бири бу сулҳнинг давомийлиги ва гуруҳнинг Ғазони бошқаришдаги келажакдаги роли ҳисобланади. ҲАМАС Исроилдан урушни тўлиқ тугатишни ва қўшинларини олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда, Исроил эса ҲАМАС «йўқ қилинмагунча» можаро тугамаслигини айтмоқда. «Урушнинг саккиз ойи давомида ҳарбий ҳаракатлар фақат бир марта — бир ҳафтага тўхтади. Ўшанда ҲАМАС фаластинлик маҳбуслар эвазига гаровга олинган баъзи исроилликларни озод қилганди.
Аввалроқ New York Times Исроил ҳарбий раҳбарияти снарядлар тақчиллиги шароитида, ҳатто ҲАМАС ҳозирча ҳокимиятда қолса ҳам, Ғазода сулҳ тузиш тарафдори эканини ёзган эди. Уларнинг фикрича, сулҳ Ғазода ҲАМАС қўл остидаги тирик ва ўлик 120 нафар гаровга олинганларни озод қилишнинг энг яхши йўли бўлади.
- Исроил фаластинлик тинч аҳоли қурбонлари сонининг кўплиги сабабли урушни тўхтатиш бўйича, хусусан, ўзининг асосий иттифоқчиси бўлган АҚШ томонидан ортиб бораётган халқаро босимга дуч келмоқда. 2023 йил декабрида ЖАР Исроилнинг Ғазодаги фаластинликларга қарши ҳаракатлари «геноцид хусусиятига эга» деган даъво билан Халқаро судда Исроилга қарши иш очганди. Исроил бу айбловларни қатъиян рад этади.
- 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС Исроилга ҳужум қилиб, камида 1200 исроилликни ўлдириб, 200 дан ортиқ кишини гаровга олгандан кейин Ғазодаги можаронинг янги босқичи бошланди. Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини назорат қилаётган ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди, анклавга интенсив ҳаво ҳужумлари уюштирди ва у ерга қўшин юборди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаролар давомида минтақада 37 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.