Шавкат Мирзиёев Масъуд Пезешкиённи Эрон Ислом Республикаси президенти этиб сайлангани билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Давлат раҳбари ўз мактубида мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли шериклик барча устувор йўналишларда янада юқори босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.

«Биз катта салоҳият ва имкониятга эга бўлган, сўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётган давлатингиз билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни бундан буён ҳам изчил ва самарали кенгайтиришдан манфаатдормиз», — дейилади мактубда.

Маълумот учун, Пезешкиён сайловнинг иккинчи босқичида 16,4 млн эронлик — сайловда қатнашганларнинг 54,8 фоизи овозини тўплаб ғалаба қозонди.

Эслатиб ўтамиз, Эронда президент сайловлари собиқ президент Иброҳим Раисий вафоти муносабати билан муддатдан аввал ўтказилди. Ичида Иброҳим Раисий бўлган вертолёт 19 май куни Эрон шимоли-ғарбидаги тоғли ҳудудга қулаб тушганди. У Озарбайжон билан чегарадаги Аракс дарёси тўғонининг очилиш маросимидан қайтаётган эди. Унга ҳамроҳлик қилган делегация, жумладан, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян ҳам вафот этган.