Болалар иштирокидаги ЙТҲлар (улардан бирида 140 км/соат тезликда қиз уриб кетилган) ҳақидаги қўрқинчли видеолар серияси ўтган ҳафтада Ангрен шаҳри бўйлаб Equinox русумли автомашинада 157 км/соат тезликда ҳаракатланган ҳайдовчининг видеоси билан тўлдирилди.
Мадина Шамсутдинованинг Instagram`даги аккаунтидаги видеога эътибор қаратган Kun.uz унинг видеолари орасида машина ҳайдаб кетаётганда телефонидан фойдалангани ҳақида хабар берди.
Видео остидаги изоҳларда «Сенга ўхшаганларнинг орқасидан 1 кунда 4−5 бола ўляпти», деган фикрга у шундай жавоб берган: «У болачаларнинг тақдири онасининг қорнида ёзилиб бўлган». Кўп ўтмай, у видеони ўчириб ташлаган.
Фото: Kun.uz.
Тошкент вилояти ИИББнинг якшанба куни хабар беришича, аёл йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига таклиф қилинган ва унга «тегишли чоралар кўрилган». Вилоят ЙҲХБнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳайдовчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−5-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) ва 128−1-моддалари (Транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши)га кўра маъмурий жавобгарликка тортилди.
Бир орган томонидан бир нечта ҳуқуқбузарлик кўриб чиқилса, бунда жавобгарлик уларнинг оғирига нисбатан белгиланади. Шунга кўра, аёлга нисбатан 128−5-модда 2-қисмига кўра БҲМнинг 10 баравари (3,4 млн сўм) миқдорида жарима қўлланди.
Идора томонидан эълон қилинган видеода аёлнинг айтишича, видео тахминан бир ой олдин олинган. У ижарага олинган машинадан фойдаланган.
«Лекин мен бундай тезликда ҳайдаш мумкин эмаслигини, бундай йўлларда 70 км/соатдан ортиқ тезликка чиқмаслик кераклигини билмасдим», — дейди у. Бундан ташқари, у ўзига нисбатан қонуний чоралар кўрилишга рози экани, ишидан афсусдалиги ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини айтди.
- Ўтган ҳафтада Навоий вилоятининг Хатирчи туманида BYD кроссовери 140 км/соат тезликда 2-синф ўқувчисини уриб юборганди. У воқеа жойида вафот этган.
- Самарқанд вилоятида Nexia ҳайдовчиси 2022 йилги ШҲТ саммити олдидан кенгайтирилган йўлни кесиб ўтаётган 7 ёшли болани уриб юборган. Бола акалари билан уйининг рўпарасида жойлашган дўконга чиққанди. У касалхонада вафот этган.