Тошкент Фотосуратлар уйида 2 июль куни балет санъатини суратга тушириши билан танилган фотограф Бобур Алимхўжаевнинг «Франция ўзбек фотосуратчиси нигоҳида» номли кўргазмаси очилди.

Тошкент фотосуратлар уйи. Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»Тошкент фотосуратлар уйи. Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»

Бобур Алимхўжаев — 1993 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Мактабни битиргач, шифокор бўлиш мақсадида тиббиёт коллежига кирадию, ўқиш давомида бу соҳани яхши кўриши, бироқ касб сифатида кўра олмаслигини англаб етади. 3-курсда эса мобилография билан шуғулланишни бошлайди. Ўзининг таърифи билан айтганда, мобилографияга қизиқиши унинг кейинги йўналиши — ҳаётда ўзини қайси касб эгаси сифатида кўришини белгилаб беради. Коллежни тамомлаб, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида бадиий фото йўналишига ўқишга киради.

Нима учун Франция?

Франция Бобурни ёшлигидан ўзига жалб қилиб келган. Институтда ўқиган пайтлари санъатшунослик дарсларида рассомларни даврлар бўйича ўрганиб чиқиш давомида импрессионизм жанрига қизиқиб қолади. Француз рассоми Эдгар Деганинг асарларини севиб кузата бошлайди. Айнан унинг ишларидан илҳомланиб, балетга қизиқади ва, тўққиз йилдирки, Тошкентдаги балет томошаларини суратга тушириб келади.

Фотосуратчи Францияга илк бор иш сафари билан борганида дизайн, архитектура, ҳайкалтарошлик, балет, фотография, умуман, санъатнинг барча турлари бир ерда тўпланган бу манзилга эркин саёҳат билан албатта келиш керак экан деган, хулосага келади.

Бобур кейинчалик Франция шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб саёҳат қилади, Орсе, Оранжери, Лувр музейлари, жаҳонга машҳур рассом Пабло Пикассо, таниқли ҳайкалтарош Огюст Роденнинг уй-музейларига бориб, ижодкорларнинг ишларидан илҳомланиш баробарида фотсуратлар ҳам олади. Шу тариқа икки йил давомида тўплаган суратларидан фотокўргазма қилиш фикри пайдо бўлади.

Нима учун плёнка?

Намойишга қўйилган суратларнинг ўзига хослиги шундаки, уларнинг барчаси плёнкали фотоаппартда олинган. Бобурнинг тушунтиришича, рақамли фотоаппарат ёки смартфонда олинган фотосуратни ўша заҳоти кўриш мумкин, плёнкали фотоаппаратда эса бу имконсиз. Қолаверса, рақамли фотоаппарат кўплаб техник вазифаларни ўзи автоматик бажарса, фотоплёнкада ҳаммасини қўлда тўғрилаш керак.

«Плёнкали фотоаппаратнинг ўз жараёни бор ва суратлар қандай чиққанини плёнкадаги барча кадрларни ишлатиб бўлгач била оласиз. Дейлик, битта плёнкани олдингиз, фокус ёки экспозицияни нотўғри танлаб қўйсангиз, 36 кадрдан бирорта ҳам пичоққа илинадиган сурат чиқара олмаслик ҳам мумкин», — дейди фоторассом.

Фотоплёнка билан боғлиқ кутилмаган вазиятлар Бобурни ҳам четлаб ўтмаган. Бир сафар ўрнатилаётган плёнка фотоаппаратнинг ичига нотўғри кириб кетади. У қанчалик ҳаракат қилмасин плёнкани чиқариб ололмайди ва тушкунликка тушиб қолади. Кейин Парижнинг ўзидан плёнка сотадиган битта дўкон топади. Бахтига дўкондагилар плёнкани чиқариб олишга ёрдам беради. Бобур айнан ўша плёнкани ишлатиб, яхши суратлар олганини қувониб эсларкан, шундай кутилмаган муаммоли ҳолатлари бўлиши, суратга олиш жараёни бироз қийинроқ кечишига қарамай, плёнкали фотоаппарат рақамли фотоаппаратдан устунлиги, плёнкада ҳаёт борлигини таъкидлайди.

Кўргазмага қўйилган суратларда бино ва табиат тасвирлари кўп. Бобур бунинг сабабини шундай изоҳлайди:

«Франция архитектураси санъат даражасида, жуда чиройли. Ҳар бир бинонинг ўзига хос экстерьер ва интерьер элементлари бор. Парижда эса ўзингизни очиқ осмонли музейдагидек ҳис қиласиз. Албатта, визуалист сифатида булар мени ўзига жалб қилмасдан қолмайди. Шунинг учун кўргазмадаги суратларнинг асосий қисмини бинолар тасвирлари, пейзажлар ташкил этади. Албатта, одамларни ҳам суратга туширганман, бунинг учун уларнинг ўзидан рухсат сўрашга тўғри келади. Стрит-фото олиш учун эса махсус юриш, қандайдир фурсатларни кутиш керак. Кимдандир уни суратга оламан дегунингизча, фурсатни йўқотасиз ва табиийликка барибир сал бўлса-да путур етади», — дейди рассом.

Суратларда акс этган манзара ва объектларнинг манзиллари хилма-хиллигига қарамай, Бобур уларни махсус танлаб, атайлаб, суратга олиш учун режалаб бормаган. Саёҳат учун қай манзилга борган бўлса, ўша жойдан суратлар олиб кетаверган.

Кўргазма 12 июлгача давом этади.

Бобур Алимхўжаевнинг ўзига энг кўп ёқадиган беш фотосурат тарихи

бобур алимхўжаев, кўргазма, париж, тошкент фотосуратлар уйи, франция

Бу сурат ҳайкалтарош Огюст Роденнинг уй-музейидан олинган. Бобур музейда айланиб юрганда қўлида плёнкали фотоаппарат ушлаб турган қизни учратиб қолади. «Менга шу лаҳзанинг ўзи ёқади. Плёнка, қиз ва Роден бюсти», — дейди рассом.

бобур алимхўжаев, кўргазма, париж, тошкент фотосуратлар уйи, франция

Бу сурат эса Франция пойтахтидаги энг баланд нуқта — Монмартр тепалигидан олинган. Эски вақтларда бу тепаликда машҳур рассомларнинг устахоналари бўлган. Ҳозир ҳам галереялар кўп, умуман, бу жой ҳозир ҳам рассомчилик маркази. Бобур Монмартрда айланиб юраркан, бир тарафда замонамиз одамлари, бошқа тарафда эса худди ўтган аср одамлари ўтирганидек манзарага дуч келади ва буни дарҳол суратга муҳрлайди.

бобур алимхўжаев, кўргазма, париж, тошкент фотосуратлар уйи, франция

Париждаги Люксембург боғида олинган ушбу сурат эса рассомга ўзининг геометрияси, тўр линиялари билан ёқади. «Ёмғир ёғаётган пайт эди, боғни айланарканман, соябонни ушлаб суратга туширишга шошилдим. Бир қўлимда соябон, биттасида эса фотоаппарат, орқамда рюкзак. Амаллаб фокусни тўғрилаб, шу суратни олгандим», — дейди Бобур Алимхўжаев.

Рассом оқ-қора рангли кадрларни яхши кўради. Рангли суратларни ҳам кўп олишини айтаркан, «оқ-қора» одамнинг диққат-эътиборини бузмаслиги, ранглар эса бироз чалғитиши, оқ-қора тасвирда эса ҳолатни борича кўриш мумкинлигини айтади.

бобур алимхўжаев, кўргазма, париж, тошкент фотосуратлар уйи, франция

Бу сурат дарахтларнинг осилиб турган шохлари Бурж шаҳри архитектураси билан уйғунлик ҳосил қилгани учун Бобурга жуда ёқади. «Жараёнининг ўзидаёқ хаёлимда: «Осилиб турган шохлар худди тушда чизилган нақшлардек чиқади, деб ўйлаганман. Буни японча минимализм деса ҳам бўлади, суратнинг қуйи қисмида эса ҳақиқий Европа меъморчилиги», — дейди рассом.

бобур алимхўжаев, кўргазма, париж, тошкент фотосуратлар уйи, франция

Бу суратни эса рассом 2022 йили Ганна номли кичик коммуна (маҳалла ёки қишлоқ)даги фестивалга борганида у ердаги черковнинг ичида олган. Қуёш нурлари ибодатхонанинг рангли витражларидан тушиб, гиламдек кўриниш ҳосил қилгани учун ҳам бу сурат муаллифга ёқади.