Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП, my.gov.uz) орқали йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун чиқарилган жарима юзасидан шикоят қилиш мумкин бўлади. Бу ҳукуматнинг 3 июлдаги қарорида назарда тутилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, ҳозирги кунда йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиш ҳолати юзасидан чиқарилган қарор ва юбориладиган хабарномалар бўйича фуқаролар томонидан мурожаат қилишда ортиқча оворагарчиликлар келиб чиқмоқда. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун электрон мурожаат қилиш тизими жорий этилмоқда. Шу билан бирга, оғзаки ва ёзма мурожаат қилиш имконияти ҳам сақланиб қолади.
Ҳукумат Ички ишлар вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлигига ёз охиригача Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот тизимини «Рақамли ҳукумат» тизими билан интеграциялаш бўйича топшириқ берди.
Тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ, ариза берувчи апелляция ёки шикоятга далилларни илова қилиши мумкин.
Юборилган шикоят аризалари 10 иш куни ичида кўриб чиқилади. Мурожаат кўриб чиқилаётган вақт мобайнида жарима учун белгиланган чегирма муддати тўхтатиб турилмайди. Агар мурожаат қўшимча ўрганишларни талаб этган тақдирда мурожаат этувчи ЯИДХП орқали хабардор қилинади.
Шикоят асосли деб топилган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тугатилади.
Ўтган йили пойтахтдаги ҳайдовчилар чорраҳалар олдига нотўғри жойлаштирилган машиналар туфайли йўл ҳаракати қоидаларини бузишга мажбур бўлган вазиятларни «тузоқ» деб атаганди.
Шундан сўнг «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати тадбиркорлар томонидан ўрнатилган камералар аниқлаган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳақидаги қайдномаларни текширишга чақирганди. Асоссиз чиқарилган барча жарималар бекор қилиниши керак, деганди у.