Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ 3 июль куни Юнусобод тумани Собиробод маҳалласида бўлиб, мавжуд вазиятни баҳолади ва ечимини кутаётган муаммоларни аниқлади, дея хабар қилди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ташриф давомида ечимни талаб қиладиган бир нечта жиддий камчиликларга эътибор қаратилди, дейилади хабарда. Инфратузилмани ривожлантиришга ва аҳолининг хавфсиз ҳаракатланишига тўсқинлик қилаётган ноқонуний қурилмалар аниқланди. Уларнинг мавжудлиги зудлик билан аралашувни ва қонунчиликка мувофиқлаштиришни талаб қилади.

Бундан ташқари, ҳокимлик маҳалла кўчалари чиқинди билан ифлосланиб, санитарияга зид шароитларни юзага келтираётгани хабар қилинди.

«Ахлатни белгиланмаган жойларга ташлаган аҳолининг ўзи ҳам масъул экани таъкидланди. Бундан ташқари, чиқиндиларни йиғиш жойлари етишмайди, бу эса муаммони янада чуқурлаштиради. Қурилиш чиқиндилари ўз вақтида олиб кетилмаётгани ҳудуднинг ташқи кўринишини ёмонлаштириб, ҳаракатланишга тўсқинлик қилмоқда», — дейилади хабарда.

Ҳокимлик хабарига кўра, савдо объектлари санитария-эпидемиология ва ёнғин меъёрларига жавоб бермайди. Бу эса аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Бундан ташқари, дўконларда айниган сабзавот ва мевалар сотилмоқда, бу ҳам қатъий назоратни талаб қилади.

Бир кун аввал интернетда ҳоким дўконлардан бирига ташриф буюргани акс этган видео пайдо бўлди. Унда Шавкат Умурзоқов Юнусобод тумани ҳокими Баҳодир Абдувалиевга мурожаат қилиб, сифати бузилган ўрикни кўрсатган.

«Баҳодир ака, мана, нима сотяпти аҳолига? Мана, кўринг. Қани СЭС, Солиқ бу ерда? Булар аҳолига нима сотяпти? Буёққа кел. Қаерга қараяпсан? Нима, эртага одамлар „отравление“ бўлсинми? Кўр, моғорлаб ётибди. Мана, олмалари ҳам тагида сувларигача чиқиб кетган. Баҳодир ака, нима бўлиб ётибди бу?» — дейди шаҳар ҳокими.

Ўша вақтда Шавкат Умурзоқов «эзилган» бир сават олмани олиб, сифатсиз ўрик солинган сават устига ташлайди.

Ҳоким Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакилига мурожаат қилар экан, ёнғин хавфсизлиги меъёрлари бузилганига ҳам тўхталиб, сўнг давлат хизматчилари «ухлаб ётганини» айтди. «Бу доўкон эмас, омбор», — деди у якунда.

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га ойдинлик киритишича, Шавкат Умурзоқов объект яқинида чиқинди тўпланиб қолганини кўриб, дўконга киришга қарор қилган.

Ҳоким маҳаллада, жумладан, дўконда тартиб ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берган.

«Мева — бир қисм эди, холос. Ишчи гуруҳ бутун маҳаллани айланиб чиқди, мактаб, чиқинди йиғиш пункти, мана шу дўкон, маҳалла биноси, озиқ-овқат бозори, тиббиёт пунктига борди. Маҳалла жуда ифлос эди, кимдир гарчи 50 қадам нарида ахлат қутиси бор бўлса ҳам, ахлатни дарахтга осиб қўйган, ариқларга чиқинди тиқилиб қолган, у ерда сув чиқаришнинг иложи йўқ», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Ташриф давомида ҳоким 259-сонли мактабдаги капитал реконструкция жараёнини ҳам ўрганди. Ҳоким ўқувчиларга таълим олишлари учун қулай шароит яратиш мақсадида ишларни сифатли ва ўз вақтида якунлаш зарурлигига эътибор қаратди.