Шавкат Мирзиёев 8 июль куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раиси Чжао Лэцзи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Учрашувда Шавкат Мирзиёев ва Чжао Лэцзи «сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани»ни қайд этди.
ХХР парламенти раҳбари Хитой Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, айниқса, камбағалликни қисқартириш дастурини, шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва «яшил» энергетика соҳаларида стратегик ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш режаларини қатъий қўллаб-қувватлаётганини тасдиқлади.
Томонлар Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилиши бўйича ишларни «тез фурсатда бошлаш» муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда Хитой олий ўқув юртларининг филиалларини очиш, профессионал таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Конфуций институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.
«Парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, парламент аъзолари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонун ижодкорлиги тажрибасини ўрганиш зарурлиги алоҳида таъкидланди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Тошкентда Чжао Лэцзи Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева билан ҳам учрашди. Парламент дўстлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш, парламент қўмиталари ўртасида яқин алоқаларни йўлга қўйиш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон вилоятлари ва Хитой провинциялари маҳаллий кенгашлари ўртасида алоқалар ўрнатиш таклиф этилди.