7 июль куни Open Budget таркибидаги «Менинг боғим» лойиҳасининг 2024 йил 1-мавсуми ғолиблари эълон қилинди. Лойиҳага овоз бериш жараёни 27 июнь куни бошланганди.
15 кун ичида лойиҳада «Очиқ бюджет» портали орқали 53 мингтадан ортиқ овоз берилди, якунда 738 тадан 215 та ташаббус учун маблағ ажратилиши белгиланди. Ғолиб бўлган лойиҳаларни молиялаштириш учун республика бўйича 48,6 млрд сўм маблағ йўналтирилади.
↪Ғолиб деб топилган лойиҳалар билан бу ерда танишиш мумкин.
«Менинг боғим» лойиҳаси ҳақида
Аввалроқ бюджетдан «Яшил макон» лойиҳасига ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи «Очиқ бюджет» портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган «Менинг боғим» лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилиши ҳақида ёзгандик. Бу бўйича республикада яшиллик даражасини ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш тўғрисидаги президент фармони қабул қилинган.
Аҳоли ташаббуси билан «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил қилиш бўйича майдон манзили ва расмлари кўрсатилган ҳолда қиймати 250 млн сўмдан ошмаган ташаббус билдирилади.
Фармонда «Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва уларга овоз бериш жараёни ҳар йили январь-февраль ойларида ўтказилиши белгиланган.
29 март куни президент Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ҳамда чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтган видеоселектор йиғилишида Экология вазирлигига «Менинг боғим» лойиҳасини ишга тушириш бўйича топшириқ берганди. Бунга бюджетда назарда тутилган 50 млрд сўм ажратилиши айтилган.