Ўзбекистонда олти ойда 4537 та истеъмолчи табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида давлат манфаатларига 550 млрд 290 млн сўм зарар етказилди, дея хабар бермоқда «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев.
Қайд этилишича, январь-июнь ойларида 163,3 млн метр куб табиий газ (249 млрд 312 млн сўм) ва 220,7 млн киловатт-соат электр энергиясидан (300 млрд 977 млн сўм) ноқонуний фойдаланилган. Хусусан, 89 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси, 94 та иссиқхона, 94 та текстил корхона ва 2 та оҳак ишлаб чиқариш цехлари фаолиятида қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган.
«Энергия ресурсларидан айрим тадбиркорларнинг ноқонуний фойдаланишлари тармоқларда ортиқча юкланишларга ҳамда энергия ресурслар таъминоти барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда», — деди Наврўз Норбобоев.
Шу билан бирга, криптоактив ва майнинг фаолияти бўйича истеъмолчилар 75 та ҳолатда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Аниқланган ҳолатлар юзасидан электр таъминоти корхонаси томонидан жами 81 млрд 604 млн сўм (15 млн 909 минг киловатт-соат) миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинган.
АЁҚШ ва корхоналардан олинган таҳлил намуналаридан 91 та ҳолатда 3 млн 789 минг литр нефть маҳсулоти сифатсизлиги аниқланиб, сотувга чиқарилиши олди олинган.
Истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 3382 та маъмурий иш расмийлаштирилган.