8 июль куни эрталаб Россия Украинага сўнгги вақтлардаги энг йирик ракета ҳужумларидан бирини уюштирди. Киев, Днепр, Кривой Рог ва бошқа шаҳарлар ўққа тутилди.

«УНИАН» агентлиги маълумотларига кўра, ҳозирда бутун Украина бўйлаб 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлган ва 65 дан ортиқ киши жароҳатланган. Киевда 10, Кривой Рогда 10 ва Покровскда 3 киши ҳалок бўлган.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳужум пайтида мамлакат бўйлаб 40 дан ортиқ турли ракеталар учирилганини билдирди. Уларнинг аксарияти уриб туширилди.

Киевда ракета қолдиқлари етти туманга — Соломенский, Днепровский, Дарницкий, Деснянский, Святошинский, Шевченковский ва Голосеевскийга тушди, деб хабар берди Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти. Бир қанча кўп қаватли бинолар вайрон бўлган.

Ракеталардан бири Киевнинг Шевченковский туманидаги «Охматдет» болалар шифохонаси бўлимига келиб тушган. Украина соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшконинг сўзларига кўра, зарба болалар диализ олган корпусга келиб тушган. Реанимация, операция хоналари, онкология бўлимлари зарар кўрган. Воқеа жойида ишлар кетмоқда; вайроналар остида одамлар бўлиши мумкин. Беморлар шаҳардаги шифохоналарга эвакуация қилинмоқда, деди Киев мэри Виталий Кличко. Унинг таъкидлашича, «Охматдет»даги ҳужум туфайли 16 киши жароҳатланган, улардан 7 нафари болалар.

Украина оммавий ахборот воситаларининг аниқлик киритишича, «Охматдет» Украинадаги энг катта болалар шифохонаси ҳисобланади. 620 ўринли шифохонада йилига 18 минггача бола даволанади.

Россия Мудофаа вазирлиги Украина шаҳарлари ўққа тутилганини тасдиқлади, аммо ҳужум «Украинанинг ҳарбий саноат объектлари ва Украина Қуролли кучларининг авиация базаларига» амалга оширилгани айтилди. «Зарбадан кўзланган мақсадларга эришилди», — дейилади ҳарбий идора баёнотида.

Вазирлик фуқаролик объектлари узра ракета ҳужумлари ҳақидаги баёнотларни «ҳақиқатга тўғри келмайди» деб атади ва ҳалокатни Украина ҳаво мудофааси иши билан боғлади.