Yandex Uzbekistan 2024 йилнинг кузида мамлакатдаги бизнесини ривожлантириш мақсадида Тошкентда офис очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Офис очилиши жамоани кенгайтириш, янги хизматларни тезроқ ишга тушириш ва мамлакатда фаолият юритаётган хизматларни кенгайтиришга имкон беради. Компания, шунингдек, ўзбекистонлик дастурчилар учун IT-амалиёт дастурини ишга туширишни режа қилмоқда.

Тошкентдаги офис Ўзбекистонда Yandex Go шаҳар хизматларини, таълим, кўнгилочар ва бошқа хизматларни ривожлантирувчи ходимларни бирлаштиради. У очилгандан сўнг ёш IT-мутахассисларни тайёрлаш учун амалиёт дастурларига қабул қилиш бошланади.

«Амалиётлар компания учун ҳам, Ўзбекистоннинг бутун IT-соҳаси учун ҳам кадрлар захирасини яратишга ёрдам беради. Уларнинг бошланиши Yandex компаниясининг IT-таълим дастурининг бир қисми бўлиб, лойиҳа доирасида компания қўшимча равишда Ўзбекистонда юқори синф ўқувчилари учун янги Дастурлаш мактабларини очади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, информатика ўқитувчилари учун дастурлаш бўйича малака ошириш курсларини ишга туширади ва уларга Python бўйича методик материаллардан фойдаланиш имкониятини таъминлайди.

Yandex, шунингдек, қизларни IT-тадбиркорлик соҳасида ривожлантиришга қаратилган Technovation Girls менторлик дастурини қўллаб-қувватлайди ва спорт дастурлаш бўйича интенсив тренинглар ўтказади.