1 июль куни Навоий вилояти Хатирчи туманида юқори тезликдаги BYD Song Plus Champion машинаси босиб кетган 8 ёшли қиз ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат ортидан 2 нафар ҳайдовчи қамоққа олинганини ва ишнинг бошқа тафсилотларини маълум қилди.

Қайд этилишича, ўша куни фуқаро Н.А. BYD Song автомобилини бошқариб бораётиб ўзига таниш бўлмаган фуқаро Ф.А. бошқарувидаги BYD Song автомобили билан ўзаро қувишишган. Йўлнинг тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига етишганида уни кесиб ўтаётган пиёда — 8 ёшли Ш. Ш.ни, дастлаб, фуқаро Н.А. бошқарувидаги автомобиль билан туртиб ўтган. Сўнгра Ф.А. автомобили билан босиб ўтган.

ЙҲХХнинг қўшимча қилишича, воқеа содир бўлган кундан олдин қизнинг онаси М.Ш. туманнинг Янгирабод маҳалласида яшовчи бобосиникига келиб, ўзи Тошкент шаҳрига ишлаш учун кетган. Бобо ҳамда буви 14 ёшли ўғлига қизалоқни истироҳат боғига сайрга олиб бориб келишига рухсат берган.

Ҳолатга кўра, бола аввал ўзи пиёдалар ўтиш жойидан ўтган ва бироз ортда қолган, ҳали ўтишга улгурмаган қизни чақирган. Қиз транспорт воситаларининг ҳаракатига эътибор бермасдан, пиёдалар ўтиш жойига югуриб чиққан ва кўнгилсиз ҳодиса содир бўлган.

Оқибатда 2-синф ўқувчиси бўлган қиз тан жароҳатлари сабабли ҳодиса жойида вафот этган. Ўша куни ҳолат юзасидан ҳайдовчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Улар 4 июль куни ушланиб, 5 июлда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Таъкидланишича, ҳайдовчи Н.А. сўнгги бир йил давомида 12 маротаба тезликни ошириш, 1 маротаба йўл чизиғи талабларига риоя қилмаслик қоидабузарликларини содир этган. Ҳайдовчи Ф.А. эса сўнгги бир йил давомида бир маротаба транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга топшириш қоидабузарлигини содир этган.

«Ҳалокат содир бўлган тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида тегишли йўл белгилари ўрнатилган ва йўл ётиқ чизиқлари чизилган. Йўл қопламаси ўша вақтда қуруқ ҳолатда, куннинг ёруғ вақти бўлган», — дейилади хабарда.

Мазкур пиёдалар ўтиш жойида туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан тугмали светофор қурилмасини ўрнатиш дастурга 2024 йил I чорак якунига қадар киритилган. Бироқ маблағ ажратилмагани сабабли ҳозиргача ўрнатилмаган.

Муассаса директори номига Навоий вилояти ЙҲХБ томонидан 2024 йилда 2 маротаба тугмали светофор ўрнатиш юзасидан тақдимномалар киритилган. Тақдимнома талаблари бажарилмагани учун Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 196-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

«Газета.uz» йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ёндашувларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳамда йўлларда юқори ўлим ва жароҳатлар кўрсаткичи учун масъулият ҳақида бир неча бор ёзган. Кўплаб баёнотлар, қарорлар ва йўл хариталарига қарамай, вазият нафақат оғирлигича қолмоқда, балки ёмонлашишда давом этмоқда.

Яқинда Сенатда йилнинг дастлабки беш ойида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 65 нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлгани, 294 нафари жароҳатлангани ҳақида маълум қилинди. 2023 йилда йўлларда 263 нафар бола ҳалок бўлган, 1568 нафари жароҳатланган.

На мамлакат миқёсида, на шаҳарлар, туманлар, кўчалар ва маҳаллалар кесимида фожианинг тўлиқ манзарасини кўришнинг имкони йўқ — расмийлар томонидан эълон қилинаётган статистика узуқ-юлуқ, тартибсиз ва етарли даражада тўлиқ эмас. Аварияларда ҳайдовчилик маданияти, пиёдалар, болалар ва уларга эътибор бермаган ота-оналарни айблашда давом этилмоқда, ваҳоланки, кўчаларни нотўғри лойиҳалаш, йўл белгилари билан саводсизларча ёндашув, йўл ҳаракати қоидалари ва назоратнинг заифлиги учун жавобгарлик тан олинмай келиняпти.

Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича «самарали» ишларга бир мисол. 2022 йил 1 майдан янгиланган ЙҲҚга кўра, автомобилларнинг олд ўриндиқлари йўловчилари хавфсизлик камарларини тақишлари шарт. Бироқ ушбу талабга риоя этмаганлик учун жарима ҳали ҳам белгиланмаган, шунинг учун унга риоя қилинмайди.