Андижон шаҳрида 8 июль куни болалар иштирокида навбатдаги йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Вилоят ЙҲХБнинг ёзишича, ЙТҲ Ўзбекистон кўчасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида юз берган. Cobalt ҳайдовчиси (1999 йилда туғилган) йўлни кесиб ўтаётган вояга етмаган пиёдани (2014 йилда туғилган) уриб юборган.

Жабрланувчи жароҳатлар билан шаҳар шифохонасига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари бошланди.

Бундан аввал Самарқандда Nexia 2022 йилги ШҲТ саммити олдидан кенгайтирилган йўлдан ўтаётган 7 ёшли болани уриб юборгани, Навоийда юқори тезликдаги BYD Song Plus Champion машинаси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 2-синф ўқувчисини босиб кетгани ҳақида ёзгандик. Иккала ҳолатда ҳам болалар ҳалок бўлган.

Яқинда Сенатда йилнинг дастлабки беш ойида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 65 нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлгани, 294 нафари жароҳатлангани ҳақида маълум қилинди. 2023 йилда йўлларда 263 нафар бола ҳалок бўлган, 1568 нафари жароҳатланган.