Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Сойғўс маҳалласи ҳудудига 3 та айиқ келиб, маҳаллий аҳолининг чорвасига ҳужум қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Вилоят Экология бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳолат Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари чегарасида жойлашган Кункўрмас довонининг Қашқадарё вилояти ҳудудида содир бўлган. Ургут тумани Сойғўс маҳалласи чўпонлари сув сатҳидан 2500−2700 метр баландликда, яъни айиқларнинг яшаш манзилида қўйларини боқиб келишаётганда қўнғир айиқлар тўрт бош эчкини еб қўйган.

Чўпонларга ёки айиқларга талафот етмаган. Шунингдек, маҳаллий аҳоли 2 кун олдин кечаси айиқлар Сойғўс маҳалласига 2−3 км яқинликдаги тоғ бағрида ўсувчи мевали дарахтларни ейиш учун тушиб келганини айтган.

Бошқармага кўра, ҳозирда тегишли мутахассислар томонидан ҳолат назоратга олиниб ўрганиш ишлари давом этмоқда.