Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимида (АСКУЭ) ижтимоий истеъмол стандартларини ҳисоблаш тартибини тушунтирди.

Kurbanoff.net Telegram канали муаллифи электр энергияси учун ҳисоб-китоблар лимитлар талабига мос келмаётгани ҳақида хабар берганди. У кўрсаткичларнинг скриншотини улашди, бунда истеъмол 198 кВт/соатни ташкил этган, бироқ тизим 158 кВт/соатни ижтимоий меъёр доирасида, 40 кВт/соатни эса «чегарадан ошиб кетган» деб ҳисоблаган.

Унинг эслатишича, ижтимоий меъёр ойига 200 кВт/соат қилиб белгиланган бўлиб, унинг доирасида истеъмолчи ҳар бир кВт/соат электр энергияси учун 450 сўмдан, ошиб кетганда (1000 кВт/соатгача) эса 900 сўмдан тўлайди.

«Ҳа, сиз буни ҳисоб-китоб кўрсаткичи деб айтасиз, лекин бу кўрсаткичи бўйича мижознинг баланси минусга тушади ва тизим чироқни ўчиради. Гарчи, қоидага кўра, унда ҳали маблағ бор бўлса ҳам. 18 000 сўм нотўғри ҳисоб-китоб қилингани учун чироқ ўчирилади», — деди у.

ҲЭТ бошқа истеъмолчиларда ҳам шунга ўхшаш шикоятлар бўлганини таъкидлади. Хусусан, 200 кВт/соат ижтимоий меъёр тўлиқ истеъмол қилинмаган бўлса-да, электр энергиясининг маълум бир қисми юқорироқ тариф — 900 сўмдан ҳисоблаб чиқилмоқда.

Компания маълумотларига кўра, АСКУЭ истеъмолчиларга ўрнатилган ҳисоблагичлар орқали кун якуни билан, яъни соат 00:00 да истеъмол қилинган кўрсаткичларни тизимга юборади, ўз навбатида, биллинг тизими ҳисоблагич кўрсаткичларини сутка давомида истеъмолчиларнинг ҳисоб рақамига ёзиб олиб, ҳисоб-китобларни амалга оширади.

Масалан, истеъмолчининг ҳисоблагич кўрсаткичи 1 июнь ҳолатига 12 440 кВт/соатни, 30 июнь ҳолатига эса 12 750 кВт/соатни ташкил этади. Бунда ҳисоб-китоблар қуйидагича амалга оширилади: 12750 — 12440 = 310 кВ·соат = 200·450 + 110·900 = 189 минг сўм.

Кўрсаткичлар орасидаги фарқ 29 кун.

Ойнинг охирги куни — 30 июндаги истеъмол 1 июль соат 00:00 да қайд этилади. Натижада ўтган ойнинг охирги кунидаги кунлик истеъмол янги ойга қўшилиб, ижтимоий меъёрдан (200 кВт/соат) ошиб кетгани сабабли ортиқча лимит — 900 сўм бўйича ҳисоблаб чиқилади.

Агар 5 июлда истеъмол 40 кВт/соатни, 30 июнда эса 10 кВт/соатни ташкил этган бўлса, июль ойи учун ҳисоб-китоблар қуйидагича акс эттирилади: 10·900 + 40·450 = 27 минг сўм.

«Истеъмолчиларга мазкур тизимда барча функциялар рақамлаштирилгани ҳамда инсон омили иштирок этмаслигини эслатган ҳолда, ҳисоблагичлардаги ҳар бир кўрсаткичлар аниқлик билан ҳисоб-китоб қилинишини таъкидлаб ўтмоқчимиз», — дейилади хабарда.

 АСКУЭ биллинг тизимида амалга ошириладиган ҳисоб-китоб ишлари июнь-июль ойлари мисолида.Инфографика: ҲЭТ АСКУЭ биллинг тизимида амалга ошириладиган ҳисоб-китоб ишлари июнь-июль ойлари мисолида.
Инфографика: ҲЭТ

2023 йил октябрь ойида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ улгуржи истеъмолчи (жами 28 фоиз) ва 648 минг янги хонадон электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (АСКУЭ) уланмаганини таъкидлаганди. Ўшанда давлат раҳбари камчиликларни бартараф этиш, электр энергияси йўқотишларини камайтириш бўйича кўрсатмалар берган.

Ўтган ҳафтада Рақобат қўмитаси электр энергиясини ортиқча ҳисоблаш ҳолатларини ўрганишга киришганди.