8 июль куни соат 13:09 атрофида Тошкент вилояти Бўстонлтиқ туманида тоғда жароҳат олган фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, уч киши сайр қилиш мақсадида Бўстонлиқ тумани Бурчмулла маҳалласидаги «Қулосой» шаршараси яқинига борган. Бироқ улардан бири эҳтиётсизлиги оқибатида чап оёғидан жароҳат олган. Сўнгра фуқаролар Тошкент вилояти ФВБга ёрдам зарурлиги тўғрисида хабар берган.

Чимён ёнғин-қутқарув отряди ва Бўстонлиқ тумани ФВБнинг бир гуруҳ қутқарувчилари айтилган манзилга етиб борган ва жароҳат олган фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг, улар денгиз сатҳидан 1800 метр баландликдан хавфсиз ҳудудга олиб тушилиб, жароҳат олган киши тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган.

Фуқаронинг умумий аҳволи яхши бўлганлиги сабабли шифокорлар томонидан яшаш уйига рухсат берилган, дейилади хабарда.