Европа Иттифоқи Грузиянинг иттифоққа қўшилиш жараёнини тўхтатди, дея маълум қилди 9 июль куни ЕИнинг Грузиядаги элчиси Павел Герчинский. Унинг сўзларини Грузиянинг «Биринчи» канали келтирмоқда.

«Афсуски, айни пайтда Грузиянинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёни тўхтатилди. Бу ҳақиқатан ҳам қайғули ва ҳафсалани пир қилади, чунки биз бошқа номзод мамлакатлар билан бирга тараққиётга эришмоқдамиз. Маълумки, ушбу қарор қабул қилинган куннинг эртасига Европа Иттифоқи Украина ва Молдованинг қўшилиши бўйича музокараларни бошлади. Умид қиламанки, Грузияда сайловлар ўтгач, октябрь ойидан сўнг, янги ҳукумат қандай бўлишидан қатъи назар, Европа Иттифоқига қўшилиш йўлида яна жиддий ишларни бошлайди», — деди у.

Павел Герчинский.Павел Герчинский.

Элчининг таъкидлашича, Европа Иттифоқи етакчилари 27 июнь куни Брюсселда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Грузиянинг қўшилиш жараёнини тўхтатишга қарор қилган.

Қарорда айтилишича, Европа кенгаши «Грузиядаги яқинда рўй берган воқеалар, хусусан, «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан жиддий хавотир билдиради, бу комиссиянинг номзод мақомини бериш тўғрисидаги тавсиясида кўрсатилган қадамлардан чекинишдир».

«Европа кенгаши Грузия расмийларини ўз ниятларини аниқлаштиришга ва Грузиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлини хавф остига қўядиган ва де факто аъзо бўлиш жараёнини тўхтатадиган ҳозирги ҳаракат йўналишини бекор қилишга чақиради», — дейилган қарорда.

Европа кенгаши, шунингдек, Грузия ҳукуматини «фуқаролик жамияти вакиллари, сиёсий етакчилар, фуқаролик фаоллари ва журналистларга қарши кучайиб бораётган қўрқитиш, таҳдид ва жисмоний ҳужумларга чек қўйишга», Тбилисини бўлса «кузги парламент сайловлари (26 октябрда ўтказилади — таҳр.) эркин ва адолатли ўтишини таъминлашга» чақирган.

Қарорда қайд этилишича, Европа кенгаши «Грузиянинг ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлайди», шунингдек, «грузин халқи билан собит бирдамлигини ва грузинларни Европа келажаги йўлида қўллаб-қувватлашда давом этишга тайёрлигини эълон қилади».

Европа Иттифоқининг Грузиядаги элчиси журналистларга «хорижий агентлар» тўғрисида қабул қилинган қонундан ташқари, «Ғарбга қарши, Европага қарши риторика Грузиянинг ЕИга қўшилиш мақсадига мутлақо мос келмайди», деди.

2023 йил 14 декабрда Европа кенгаши Грузияга Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақомини берганди. Шу билан бирга, Европа кенгаши Украина ва Молдова билан Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни бошлашга қарор қилган.

  • «Хорижий агентлар тўғрисида»ги машҳур қонун «Грузия орзуси» ташаббуси билан май ойининг ўрталарида Грузия парламенти томонидан қабул қилинганди. Ҳужжат мамлакатда оммавий норозиликлар келтириб чиқарган, шунингдек, АҚШ ва Европа Иттифоқининг танқидига сабаб бўлган. Грузия президенти Саломе Зурабишвили қонунга вето қўйган, бироқ парламент кўпчилик овоз билан уни бекор қилишга муваффақ бўлганди.
  • Қонун молиялаштиришнинг 20 фоиздан ортиғини хориждан оладиган ННТ ва ОАВни «хорижий давлат манфаатларини илгари сурувчи ташкилот» сифатида давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайди. Мухолифат вакиллари ва маҳаллий ОАВ ушбу ҳужжатни Россиянинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунчилигига ўхшашлиги учун «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун деб атамоқда. Уларнинг таъкидлашича, қонун Грузиядаги танқидий овозларни бостириш ва мамлакатнинг ЕИга қўшилиш имкониятларини йўққа чиқаришга уриниш ҳисобланади.
  • 23 май куни АҚШ Давлат департаменти ушбу қонуннинг қабул қилинишига жавобан Грузияга нисбатан виза чеклаш сиёсатини жорий қилаётганини эълон қилганди. Департамент баёнотида айтилишича, чекловлар Грузиядаги «демократияга путур етказиш»да айбдор бўлганлар ёки уларнинг шериклари ҳамда оила аъзоларига нисбатан қўлланади.
  • Айрим ЕИ давлатлари ҳам «хорижий агентлар тўғрисидаги» қонун туфайли Грузияга қарши санкциялар киритиш ҳақида ўйлаган. Эҳтимолий вариантлар орасида Грузия фуқаролари учун ЕИда визасиз режимни бекор қилиш (2017 йилдан бери амалда), мақсадли санкциялар ва ЕИ фондлари маблағларини музлатиш бор.