Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида маҳаллий давлат ҳокимиятининг конституциявий асослари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда халқ депутатлари кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши ҳамда вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслигини назарда тутувчи янги норма ўз аксини топган.

Шу билан бирга, янги конституциявий-ҳуқуқий шароитларда ҳоким ва маҳаллий кенгаш раиси лавозимлари ажратилаётгани амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш заруриятини келтириб чиқармоқда.

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлар чиқилган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳокимлар ҳамда маҳаллий кенгашларнинг ваколатларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • маҳаллий кенгашлар фаолиятига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши;
  • Халқ депутатлари кенгаши раиси ўз вазифаларини бажариш даврида доимий ва бошқа комиссиялар, партия гуруҳлари таркибига кириши мумкин эмаслиги;
  • кенгашлар йиғилишларида ҳоким номзоди кўриб чиқилаётганида номзод маҳаллий кенгаш депутатларига ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиши шартлиги;
  • маҳаллий кенгаш ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар Ягона электрон тизимда (e-qaror.gov.uz) рўйхатдан ўтказилиши ва тизимга жойлаштирилиши, рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатларнинг ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши белгиланмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.