Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли июнь ойи охирида Ўзбекистондаги миссиясини якунлади. Сўнгги тўрт йил давомида у Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик мамлакат дастурларидан бирига раҳбарлик қилди. Ўз фаолиятини якунлаш олдидан «Газета.uz»га берган интервьюсида Ўзбекистонда қайси соҳаларни ислоҳ қилиш энг устувор аҳамиятга эга эканлиги, барқарор иш ўринлари яратишда хусусийлаштиришнинг роли ва хусусий монополияга йўл қўймаслик учун зарур чора-тадбирлар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, у давлат органлари ўртасида миллий сиёсатни мувофиқлаштиришнинг заруратига тўхталиб, мамлакатни бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини охирига етказишга чақирди.

Видео

Матн версияси (қисқартирилган шаклда)

— Марҳамат қилиб, Жаҳон банкининг ваколатлари тўғрисида қисқача гапириб ўтсангиз.

— Жаҳон банки энг кекса ва энг йирик халқаро молия институти ҳисобланади. У қарийб 80 йил олдин, Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги Европа ва Японияни қайта тиклашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган. Ушбу урушдан талофат кўрган ватаним Италия ҳам Жаҳон банки кўмаги билан қайта тикланган иқтисодиётлар сирасига киради.

Бугунги кунда Жаҳон банки гуруҳи ривожланаётган мамлакатлар учун дунёдаги энг йирик молиялаштириш ва ихтисослаштирилган билим манбаларидан бири ҳисобланади. Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи бешта ташкилот, шу жумладан, Жаҳон банкининг ўзи ҳам ушбу мамлакатларда қашшоқликни камайтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш мақсадида фаолият олиб боради.

Жаҳон банкига 189 та давлат аъзо. Ўзбекистон ташкилотга 1992 йилда қўшилган. Ташкилот 140 га яқин мамлакатда, жумладан, Марказий Осиёнинг барча давлатларида ўз ваколатхоналарига эга.

Жаҳон банки 1947 йилдан бери дунёнинг турли бурчакларида иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий ривожланишга қаратилган 12 мингдан ортиқ лойиҳаларни молиялаштирди. 2023 йилда банк мамлакатларга қашшоқликка қарши кураш, миллий иқтисодиётларини ривожлантириш ва фуқаролари фаровонлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларига кўмаклашиб, имтиёзли қарз маблағлари, кредитлар ва грантлар шаклида 73 млрд долларга яқин маблағ ажратди.

— Сиз тўрт йил давомида Ўзбекистонда бўлдингиз ва шу даврда муайян ўзгаришларнинг гувоҳига айландингиз. Шулар орасидан жамият ва иқтисодиёт тараққиётига, сизнинг фикрингизча, сезиларли таъсир кўрсатганларини санаб ўта оласизми?

— Мамлакат ҳаёти ҳақидаги тасаввурим, шубҳасиз, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ. Банк бу ерда иқтисодиётнинг турли тармоқларида ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган йирик мамлакат дастурини амалга ошираётганидан фахрланамиз. Сўнгги бир неча йил ичида мамлакат, менинг назаримда, сезиларли ўсишни қайд этган бир қатор соҳаларни санаб ўтишим мумкин.

2020 йилда, Ўзбекистонга эндигина келган вақтимда, пахта маҳсулотингиз 300 дан ортиқ халқаро бренд ва ритейлерлар томонидан бойкот қилинган эди. Сабаби ҳаммамизга маълум — пахта терими мавсумида давлат тизимли равишда мажбурий меҳнатдан фойдаланиб келган. Ҳисоб-китобларга кўра, мутасаддилар томонидан ҳар йили 2 млн нафар бола ва 500 минг нафар катта ёшлилар пахта теримига жалб қилинган.

2017 йилда ҳукумат ўтмишнинг бундай сарқитларига барҳам бериш йўлида кучли сиёсий ирода кўрсатишини маълум қилди. Жаҳон банки ҳукумат, фуқаролик жамияти ва халқаро ҳамжамият билан яқиндан ҳамкорликда пахтачилик соҳасида мажбурий меҳнатга қарши курашга мамнуният билан ҳисса қўшди.

2015 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан пахтачилик соҳасида мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги ютуқларни мониторинг қилиш бўйича келишувга эришдик. Бу ташаббус Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ, Швейцария ва Германия ҳукуматлари томонидан қўллаб-қувватланди.

Жаҳон банки, шунингдек, пахтачилик соҳасида мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг асосий сабабларини бартараф этишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда ҳукуматга молиявий ва консультатив кўмак берди. Бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида пахтачилик соҳаси ва пахта етиштириш учун ажратилган ер майдонларини бошқаришда давлатнинг устувор ролини қисқартиришга хизмат қилган қатор ислоҳотларни амалга ошириш имконини берди.

Бу ислоҳотлар фермерларга пахта хомашёси учун тўланадиган нархларнинг ошишига олиб келди, пахтачиликда хусусий секторнинг янада кенгроқ иштироки учун имкониятларни оширди, пахта етиштиришда ҳосилдорликни кучайтирди, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга замин яратди.

2022 йил март ойида ХМТ 2021 йилги пахта теримига жалб қилинганларнинг 99 фоизи ихтиёрий равишда меҳнат қилгани ва ўзбек пахтаси эндиликда тизимли мажбурий ва болалар меҳнатидан холи эканлигини тасдиқлади. Бу хулосалар оммага эълон қилинганидан сўнг ўзбек пахтаси маҳсулотларига халқаро бойкот бекор қилинди.

Бойкотнинг бекор қилиниши ортидан тўқимачилик соҳаси бутун мамлакат бўйлаб юз минглаб одамларни иш билан таъминлади, улкан маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилди, тайёр маҳсулотлар экспортига ҳисса қўшди. Шундай қилиб, соҳа Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланди.

Сўнгги йилларда мамлакатда барқарор ўсиш кузатилаётган соҳаларга яна бир мисол — мактабгача таълим ва олий таълимда қамров даражасининг ўсишидир. Бу нима учун муҳим? Эрта таълимга инвестиция киритиш инсон ҳаётини ўзгартиради. Инсон бутун умри давомида илм олади ва бу инвестиция катта фойда келтиради. Қанчалик кўп одамлар олий маълумотга эга бўлса, замонавий иқтисодиётда иш ўринлари шунчалик кўп бўлади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам қамров даражаси сезиларли ўсганига гувоҳ бўлдик. 2017 йилда мактабгача таълимда қамров даражаси 30 фоиздан камроқни ташкил этган. Мактабгача таълимга давлат томонидан ажратилган инвестициялар шарофати билан 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 75 фоиздан ошди. Биз ҳукуматнинг 2030 йилгача мактабгача таълим ёшидаги болаларни 100% қамраб олишга эришиш режаларини олқишлаймиз.

Ушбу соҳа ривожига бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб ўғил-қизларнинг мактабгача таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш орқали Жаҳон банки ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Шунингдек, биз ҳукумат органларига мактабгача таълим сифати, ўқитиш услублари ва таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг ўқувчиларнинг ўзлаштиришига таъсирини баҳолашни такомиллаштиришга қаратилган давлат сиёсатини ишлаб чиқишда техник ёрдам кўрсатмоқдамиз.

Энди таълим сифати ҳақида бош қотириш керак бўлади. Қамров даражаси ўсиб бораётган экан, ўқувчиларга сифатли таълим беришингиз лозим.

Ниҳоят, Ўзбекистонда бўлган вақтимда қайта тикланадиган энергия соҳасидаги трансформацион ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдим ва бу ўзгаришлар мамлакатни Марказий Осиёда ушбу соҳадаги етакчи давлатга айлантирди. 2019 йилда ҳукумат қайта тикланадиган энергия соҳасини хусусий инвестициялар учун очди. Давлат-хусусий шериклик асосида қуёш энергияси соҳасидаги лойиҳани амалга ошириш бўйича илк шаффоф тендер ўтказилди.

Навоий вилоятида Masdar (БАА) компанияси томонидан 100 МВт қувватга эга қуёш электр стансиясининг қурилиши ушбу илк инновацион лойиҳанинг натижаси бўлди. Компания ҳукуматга ўша вақтда қуёш энергияси учун Марказий Осиёдаги энг паст тарифни таклиф қилган эди. Станция 2021 йилда халқаро инвесторлар, жумладан, Жаҳон банки ва Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) молиявий кўмагида фойдаланишга топширилди.

Мазкур лойиҳа «ёпиқ эшиклар» ортидаги келишувлардан фарқли танлов асосида шаффоф тендерлар ўтказишнинг қай даражада самарадор эканлигини кўрсатиб берди ва нуфузли халқаро инвесторларни жалб қилди.

Инфратузилмадаги камчиликларни фақатгина давлат инвестициялари ҳисобидан тузатиб бўлмаслигини тушуниш жуда муҳим. Хусусий секторни жалб қилиш лозим. Бироқ, айни пайтда, энг паст нархга эришиш учун рақобат асосида ва давлат ўзини ғирром иштирокчилардан ҳимоя қилиши учун шаффоф ҳолда [жалб қилиниши керак].

2019 йилдан буён Жаҳон банки ва IFC кўмагида Ўзбекистон республиканинг бир қатор ҳудудларида умумий ишлаб чиқариш қуввати 1,3 ГВт бўлган тўртта қуёш электр станцияси ва битта шамол станциясини ишга тушириш учун хусусий инвестицияларни жалб қилди.

2024 йил май ойида Жаҳон банки гуруҳи томонидан қўллаб-қувватланган янги лойиҳа ишга туширилди. Лойиҳада Бухоро вилоятида 63 МВт қувватга эга аккумулятор энергия сақлаш тизимли 250 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш ва фойдаланишга топшириш кўзда тутилган (бу Марказий Осиёда бундай турдаги илк электростанция ҳисобланади). Станция 75 мингга яқин хонадонни экологик тоза ва арзон электр энергияси билан таъминлайди.

жаҳон банки, интервью, марко мантованелли

— Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида Жаҳон банкининг мамлакат дастури Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик дастурлардан бирига айланди. Икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари нималардан иборат?

— Дарҳақиқат, Ўзбекистондаги мамлакат дастури Европа ва Марказий Осиё минтақасида Туркия ва Украинадан кейин энг йирик дастур ҳисобланади. 2017 йилдан буён Жаҳон банкининг Ўзбекистонга молиявий-таҳлилий ёрдами уч баравар ошди. Бугунги кунда мамлакатдаги лойиҳа портфелимиз умумий қиймати 6 млрд доллардан ортиқ бўлган 27 та лойиҳадан иборат бўлиб, шундан 2,4 млрд долларга яқини ҳали ишлаб чиқиш босқичида.

Қайд этиш жоизки, ушбу маблағларнинг 3,78 млрд доллари ёки банкнинг Ўзбекистонга киритган жами инвестициясининг 60 фоизи ҳукуматга имтиёзли кредитлар кўринишида тақдим этилган. Улар мамлакатга жуда паст ставкада 30 йил муддатга, беш йиллик имтиёзли давр билан ажратилмоқда. Булар халқаро молия бозорларида ривожланаётган мамлакатлар учун мавжуд бўлган энг манфаатли кредит воситалари ҳисобланади.

2017 йилдан буён ҳукумат билан янада кучли ҳамкорлик туфайли Ўзбекистондаги фаоллигимиз сезиларли даражада ошди. Бу ўсиш президент Шавкат Мирзиёев миллий иқтисодиётни трансформация қилиш ва мамлакатда камбағаллик даражасини қисқартириш мақсадида бошлаб берган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг банк томонидан қўллаб-қувватланиши кучайганлиги билан изоҳланади.

Мен тилга олиб ўтган лойиҳалар ҳукумат томонидан Жаҳон банки молиявий кўмагида амалга оширилмоқда ҳамда йирик макроиқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, иқтисодиётнинг таянч тармоқларини модернизация қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, улар қишлоқ хўжалиги, сув ва ер ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, сув таъминоти ва канализация, ирригация, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаларини ривожлантириш имконини бермоқда. Бу лойиҳалар шаҳар ва қишлоқ инфратузилмаси, инновациялар миллий тизими, солиқ, статистика, молия ва бошқа ижтимоий-иқтисодий институтлар фаолиятини ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Яқиндагина банк Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан кекса фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий зўравонликдан жабр кўрганлар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш ва улардан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида амалга ошириладиган 100 млн долларлик қийматга эга лойиҳани маъқуллади.

Ўзбекистонда банк томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар портфели ҳукуматга кўрсатилаётган маслаҳат-таҳлилий хизматлар дастурини ҳам ўз ичига олади. Унинг доирасида камбағалликни қисқартириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимоя тизимларини ривожлантириш соҳасида миллий стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшамиз. Шунингдек, энергетика, авиация, солиқ ва банк тизимларини ислоҳ қилишда ҳам техник ёрдам кўрсатилмоқда.

Ўйлашимча, ҳукуматдаги ҳамкорларимиздан ўзаро ҳамкорлигимизда нимани энг кўп қадрлаши ҳақида сўрасангиз, улар бизнинг маслаҳат-таҳлилий хизматларимиз келтирадиган фойда банк томонидан тақдим этилаётган молиявий ресурслардан кам эмаслигини тасдиқлайдилар. Нима учун? Мутахассисларимиз томонидан ҳукумат учун тайёрланаётган аналитик маҳсулотлар бошқа мамлакатлар тажрибасини ўз ичига олади. Улар Ўзбекистонга ушбу мамлакатларнинг турли соҳаларда йўл қўйган хатоларини такрорламаслик, шунингдек, илғор халқаро тажриба асосида турли соҳаларда ўз стратегиясини ишлаб чиқиш имконини беради.

— Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган яққол натижа кўрсатган лойиҳаларга аниқ мисоллар келтира оласизми?

— Ҳукумат томонидан банк кўмагида турли соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида эришилаётган ижобий натижаларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ўзбекистон вилоятларига хизмат сафарлари чоғида шахсан ўзим гувоҳ бўлган айримларини санаб ўтишим мумкин.

Биринчи навбатда, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг чекка тоғли ҳудудларида жойлашган 306 та қишлоқнинг таянч инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳукумат саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи лойиҳа хаёлимга келди.

Лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, мазкур қишлоқлар аҳолиси лойиҳани амалга оширишда бевосита иштирок этмоқда. Улар ўз қишлоқларида қайси энг зарур инфратузилма объектларини қуриш ёки реконструкция қилиш кераклигини мустақил ҳал қилади, кейин эса бу жараёнларни ўзлари назорат қилади. Йўллар ва кўприклар, электр ва сув таъминоти тизимлари, шунингдек, мактаблар ва болалар боғчалари шулар жумласидан.

Бугунги кунга қадар 430 минг аҳоли истиқомат қиладиган 297 та қишлоқда турли шаклдаги қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 5 та тиббиёт муассасаси, 80 га яқин қишлоқ мактаблари ва болалар боғчалари, 75 та электр таъминоти объекти, 127 та сув таъминоти объекти, 136 та ички йўллар қурилди ёки реконструкция қилинди.

2021 йилда Жиззах вилоятида жойлашган ана шундай қишлоқлардан бирига ташриф буюриб, қишлоқ аҳолиси билан учрашдим. Биргаликда янги мактаб қуриш учун лойиҳа маблағларидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилдик. Мавжуд бир қаватли бино шу қадар ачинарли аҳволда эдики, уни мактаб деб аташ қийин. 2022 йил сентябрь ойида Жаҳон банкининг минтақавий вице-президенти билан биргаликда қишлоқ аҳлини замонавий мактаб биноси фойдаланишга топширилиши муносабати билан табриклаш мақсадида яна шу қишлоқда бўлдим. Ҳозирда ушбу мактаб нафақат ўқувчи ва ўқитувчиларга, балки қишлоқнинг барча аҳолисига манфаат ва қувонч улашмоқда.

Жанубий Қорақалпоғистонда Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган лойиҳа мутасаддиларга маҳаллий қишлоқ хўжалиги ва маҳаллий аҳоли фаровонлиги учун зарур бўлган 800 километрлик каналлар тармоғини модернизация қилиш имконини берди. Бу чора-тадбирлар йилига 300 миллион куб метргача сувни тежашга хизмат қилади. Эндиликда 64 минг истеъмолчи ва 100 минг гектар суғориладиган ерлар яхшиланган ирригация хизматидан фойдаланиш имконига эга бўлди, бу эса уларнинг ҳосилдорлиги ва унумдорлигини оширади.

Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида 500 мингга яқин аҳоли маҳаллий оқова сувларни тозалаш иншоотлари томонидан тақдим этилаётган яхшиланган канализация хизматларидан фойдаланмоқда. Улар биз томонимиздан молиялаштирилган бошқа бир лойиҳа доирасида модернизация қилинди. Бу хизматлар нафақат маҳаллий аҳоли эҳтиёжларини қондириш, балки тарихий шаҳарларингизга кўпроқ хорижий сайёҳларни жалб этишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда мактабгача таълим соҳасини қўллаб-қувватлашимизни юқорида айтиб ўтдим. Мана аниқ мисол: Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган ва Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги томонидан амалга оширилаётган лойиҳа мамлакат бўйлаб қишлоқ ва шаҳарлардаги 6200 та болалар боғчаларида таълим шароитларини яхшилашга хизмат қилмоқда. Бунга уларни тарбияланувчилар эҳтиёжлари учун замонавий жиҳоз ва мебеллар, ўқув-услубий материаллар, ўйинчоқлар, ўйин майдончалари, компьютер техникаси билан таъминлаш орқали эришилмоқда.

Бу — мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ мақсадларга эришиш йўлида мутасадди идоралар томонидан бизнинг кўмагимизда амалга оширилаётган кўплаб лойиҳаларнинг бир нечтаси ортидан эришилган натижалардир.

— Жаҳон банки ҳукумат ислоҳотларини қўллаб-қувватлайди. Камбағалликни қисқартириш мазкур ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Жаҳон банки экспертлари томонидан яқинда эълон қилинган блогпостда Ўзбекистонда 2022 йилда камбағаллик даражаси 2015 йилга нисбатан сезиларли даражада пасайгани қайд этилган. Ушбу тенденцияни давом эттириш учун ҳукумат келгусида қандай чора-тадбирларни амалга ошириши зарур?

— Ўзбекистонда 2017 йилдан буён амалга оширилган бозор ислоҳотлари барқарор иқтисодий ўсишга олиб келди. [Мамлакат иқтисодиёти] етарлича барқарорлашди ҳамда сўнгги йилларда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги бошқа мамлакатларга қараганда жадалроқ кенгайишда давом этмоқда.

Албатта, иқтисодий ўсиш камбағалликни қисқартиришда муайян ютуқларга эришиш имконини берди. Миллий камбағаллик чегарасидан фойдаланган ҳолда хулоса қилинса, камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2022 йилда 14 фоизгача қисқарди. 2023 йилда кўрсаткич 11 фоизгача пасайди. Бу 2021−2023 йилларда мамлакатдаги камбағаллар сони қарийб 1,5 миллион нафарга қисқарганини англатади.

2026 йилга бориб камбағалликни икки бараварга — 7 фоизгача қисқартириш ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад 2022 йилдаги 2255 доллардан 4096 доллардан зиёдга ошгани ҳолда, мамлакат ўртадан юқори даромадли давлатлар қаторига қўшилиши учун ҳукумат ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш зарур.

Буларнинг барчаси мамлакат ўзининг асосий мақсадларидан бири — камбағалликни икки баравар қисқартириш йўлидан бораётганидан далолат беради. Бироқ, бунга ҳақиқатда эришиш ва уни барқарор тарзда амалга ошириш учун қилиниши зарур бўлган яна бир вазифа мавжуд. Бугунги кунга келиб камбағаллик даражаси асосан иш ҳақининг ошиши, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини модернизация қилиш (ижтимоий трансфертлар) ва пул ўтказмалари ҳисобига қисқарди. Хориждан пул ўтказмалари одатда энг кам таъминланган оилалар бюджетига келиб тушади.

Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, бу йўналишдаги мақсадларига эришиш учун Ўзбекистон аҳоли жон бошига даромадлар ўсишини йилига 9−10 фоизгача жадаллаштириши керак бўлади. Бу иқтисодий ўсиш тарихидаги энг тез суръатлардан бири бўлиши керак.

Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги (15−64 ёш) аҳоли сони кейинги 10 йил ичида йилига тахминан 300 минг кишига кўпайиши прогноз қилинмоқда. Ҳозирги кунда меҳнатга лаёқатли ёшдаги камбағалларнинг атиги учдан бир қисми иш ўрнига эга. Ҳатто иш билан таъминланган тақдирда ҳам, уларнинг иши норасмий, кам маошли ва барқарор эмас.

Шундай қилиб, ислоҳотларнинг кейинги босқичи янада кўпроқ барқарор иш ўринлари яратишга қодир динамик хусусий секторни ривожлантиришга қаратилиши керак. Агар мамлакат камбағалликни қисқартириш ва ўртадан юқори даромадли мамлакатлар гуруҳига кириш бўйича ўз мақсадларига эришиш истагида бўлса, иш ўринларини кўпайтириш унинг устувор йўналишига айланиши лозим. Шунингдек, бизга аёллар ва камбағаллик нисбатан долзарб ҳисобланган қишлоқ жойларини қамраб оладиган кўпроқ иш ўринлари зарур.

Камбағалликка қарши курашдаги ҳайратланарли муваффақиятларга бутун дунёда тенгсизликнинг кучайиши кузатилаётган бир вақтда эришилди. Аҳолининг энг бой қатламлари даромадлари энг камбағалларнинг даромадларига қараганда жадалроқ ўсиб бормоқда. Кўплаб мамлакатларда шундай бўлмоқда. Келгусида бунга йўл қўймаслик учун норасмий иқтисодиётдагиларни расмий иқтисодиётга ўтказиш ва хусусий секторда кўпроқ иш ўринларини яратиш талаб этилади. Бу «пастдан юқорига» тамойили бўйича ўсишга ёрдам беради ва шу орқали мамлакатда тенгсизлик ўсишининг олдини олишга имкон яратилади.

жаҳон банки, интервью, марко мантованелли

— Барқарор иқтисодий ўсишни эътибор қаратиш керак бўлган йўналишлардан бири сифатида қайд этдингиз. Бунга қандай эришиш мумкин?

— Ўзбекистоннинг 2017 йилдан буён эришган ўсиши ва ютуқларини эътироф этамиз. Бироқ, бугунги кунда мамлакат ўз иқтисодий ривожланишининг янада мураккаб босқичига кириб бормоқда. Нима учун? Иқтисодиётда ўзининг устун мавқейини сақлаб қолаётган давлатнинг ролини тубдан қайта кўриб чиқиш вақти келди.

Ўзбекистон миллий иқтисодиётида давлат корхоналарининг устун роли сақланиб қолмоқда. Уларнинг 80 фоизи иқтисодиётнинг хусусий сектор фаолият кўрсатиши зарур бўлган рақобатбардош тармоқларида фаолият олиб бормоқда. Таҳлилларимиз шуни кўрсатадики, давлат корхоналари нафақат самарадорлиги паст, балки айрим тармоқларда уларнинг мавжудлигининг ўзи бутун бошли иқтисодиётда самарадорликни пасайтиради.

Юқорида айтиб ўтганимдек, хусусий секторнинг ролини кучайтирмасдан туриб, 9−10 фоизлик йиллик иқтисодий ўсишни таъминлаб бўлмайди. Албатта, давлат сектори ҳам иқтисодий ўсиш, иш ўринлари ва солиқ тушумларини таъминлайди, бироқ давлат корхоналари самарасиз бўлган шароитда бу қимматга тушади.

Шундай тармоқлар борки, мутасаддилар томонидан давлат корхоналарига банк молиялаштириши, ер ва бошқа ресурслардан имтиёзли фойдаланиш имконияти тақдим этилади. Бироқ, бу харажатлар солиқ тўловчилар маблағлари ҳисобидан субсидияланади. Бундан ташқари, бу ёндашув, давлат корхоналаридан фарқли ўлароқ, тегишли ресурслардан фойдаланиш имконига эга бўлмаган хусусий фирма ва компанияларнинг имкониятларини қисқартиради. Ўз навбатида, улар ўзларининг ривожланишига инвестиция кирита олмайди.

Ислоҳотларнинг мақсади давлат сектори фаолиятига бутунлай чек қўйиш эмас, балки унинг энг самарали таркибий қисмларини сақлаб қолиш ва давлатнинг мавжудлиги мақсадга мувофиқ бўлмаган тармоқлардан чиқиб кетишини таъминлашдан иборат бўлиши лозим. Ана шунда хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун макон яратилади. Бироқ, албатта, йирик давлат корхоналарини модернизация қилиш ва хусусийлаштириш оғриқли жараён бўлиши мумкин.

Яна бир муҳим йўналиш — бу инвестицияларни жалб қилиш. Мамлакатингизнинг хорижий инвесторлар учун жозибадорлиги тобора ортиб бормоқда, бироқ уларнинг кириб келишига тўсқинлик қилаётган муайян муаммолар ҳалигача сақланиб қолмоқда. Жумладан, бозорнинг барча иштирокчилари учун тенг шароитларга эга ишбилармонлик муҳитини яратиш зарур. Инвестор давлат корхоналари билан рақобатлашган тақдирда унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши, камситилмаслиги тўғрисида кафолатлар олиши шарт.

Президент Мирзиёев Ўзбекистондаги ислоҳотларни ортга қайтмас ҳарактерга эга эканлиги ва мамлакат аввалги иқтисодий моделга қайтмаслигини бот-бот такрорлайди. Демак, давлатнинг иқтисодиётдаги устунлигини камайтириш ва хусусий секторни ривожлантириш учун кенг майдон яратиш орқали олдинга силжиш ва бошланган ўзгаришларни якунига етказиш лозим.

Ўзбекистонда давлатнинг устувор ролига асосланган иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтишни таъминлаш учун ислоҳотлар чуқурроқ тизимли характер касб этиши зарур. Акс ҳолда, мамлакат ўтиш даврида қотиб қолиши хавфи мавжуд. Бу мақсадни амалга ошириш учун Ўзбекистон мураккаб, лекин келгусида ўз мевасини берадиган ғоятда муҳим макроиқтисодий ислоҳотларни амалга ошириши керак бўлади.

— Ўзбекистон 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни режалаштирмоқда. Бу жараён сиз тилга олиб ўтган ўзгаришларни тезлаштириши мумкинми?

— ЖСТга аъзо бўлиш нафақат янги экспорт бозорларига чиқиш, балки миллий иқтисодиёт тармоқларида самарадорликни ошириш, маҳаллий товар ва хизматлар ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлик салоҳиятини кучайтириш орқали иқтисодиётга сезиларли фойда келтирувчи улкан имкониятларни очиб беради.

ЖСТга аъзоликка тайёргарлик билан боғлиқ ислоҳотлар товарлар савдосини либераллаштириш билан чекланиб қолмайди. Улар, шунингдек, хизматлар соҳаси, инвестицияларни жалб қилиш масалаларида либераллашув, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ҳамда давлат харидлари жараёнларини такомиллаштириш масалаларини ҳам қамраб олади.

Бошқа мамлакатлар мисоллари ЖСТга аъзолик ва иқтисодий ўсишнинг жадаллашуви ва халқаро савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши ўртасида ижобий боғлиқлик мавжуд эканлигини кўрсатади. Таҳлилларимиз шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда товар ва хизматлар эркин савдоси, прогнозларга кўра, миллий иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади. Бунинг натижасида мамлакатда реал ЯИМ 10 фоиздан зиёдга ортиши мумкин.

жаҳон банки, интервью, марко мантованелли

— Жаҳон банкининг яқинда эълон қилган прогнозида қайд этилишича, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш асосан таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусан, давлат корхоналарини таркибий ўзгартириш ва давлат активларини хусусийлаштириш орқали қўллаб-қувватланади. Ушбу жараёнларни амалга оширишда нимани эътиборга олиш керак? Ўзбекистон давлат монополияси хусусий монополияга айланиши, натижада энг муҳим саноат тармоқлари олигархлар қўлига ўтиб кетиши мумкин бўлган вазиятнинг қандай олдини олиши мумкин?

— Хусусий монополиялар давлатникидан анча ёмонроқ бўлиши мумкин, шунинг учун воқеалар бундай ривожланишининг олдини олиш жуда муҳим. Шу каби жараёнларни бошдан кечирган бошқа мамлакатлар тажрибасидан сабоқ олиш мумкин. Масалан, Польша бозор иқтисодиётига ўтиш даврида бундай салбий сценарийдан муваффақиятли қутула олди.

Юқорида айтиб ўтганимдек, давлат корхоналарини ўзгартириш жараёни — мураккаб жараён. Бу узоқ йиллик иқтисодий ва сиёсий алоқаларни узиш ва янгиларини яратишни назарда тутади. Ушбу жараённи давом эттириш учун сизга келажакни кўра билиш, қатъият зарур. Ушбу ўзгариш ҳукуматдан жараённи якунига етказиш ва тегишли шарт-шароитларни яратиш бўйича қатъий мажбуриятларни талаб қилади.

Биринчидан, давлат корхоналари ўз тармоқларида максимал самарадорлик билан ишлашини кафолатлаш учун ҳукумат уларни модернизация қилиши лозим. Улар самарали бўлиши ва давлат банклари томонидан тақдим этиладиган молиявий имтиёзларга ёки уларга фойда олишларини осонлаштиришадиган сиёсий ёрдамга таянмаслиги зарур. Улар хусусий фирма ва компаниялар билан адолатли рақобатлаша олишлари керак. Агар улар бунга лаёқатли бўлсалар, бу уларнинг самарадорлигининг тасдиғи ҳисобланади.

Иккинчидан, агар ҳукумат ушбу давлат корхоналарини сотишга қарор қилса, улар мамлакат учун жуда катта фойда келтиради. Бунга, жумладан, корпоратив бошқарув жараёнларини такомиллаштириш орқали эришиш мумкин. Масалан, давлат корхоналари раҳбарияти ҳисобот берадиган мустақил бошқарув кенгашларини ташкил этиш орқали. Идеал ҳолда, бу кенгашлар операцион фаолият учун масъул топ-менежерларни тайинлаши керак. Улар ушбу давлат корхонаси фаолияти билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш жараёнида шаффофликни таъминлаш учун бошқарув кенгашига мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиши шарт.

Учинчидан, давлат корхоналарига адолатсиз имтиёз ва афзалликлар берувчи меъёрларни бекор қилиб, давлат монополиялари тузилмасини қайтадан тузиш лозим. Ҳукуматни давлат корхоналаридан ажратиш учун мустақил назорат қилувчи органлар ташкил этилиши керак.

Хусусий сектор давлат корхоналарига қараганда яхшироқ натижаларга эришиши мумкин бўлган рақобатбардош тармоқларда давлат корхоналарини жадал хусусийлаштиришдан мамлакат ютади. Бундан ташқари, давлат корхоналарини хусусийлаштиришнинг аниқ муддатларини белгилаш ва давлат активларини сотиш жараёнларида шаффофликни ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Биз барча давлат корхоналарини тугатиш керак, демаймиз. Табиий монополия ҳисобланувчи ёки миллий хавфсизлик учун стратегик аҳамиятга эга бўлган соҳаларда давлатнинг инвестор сифатидаги ролини сақлаб қолиш тарафдоримиз. Бошқа тармоқларда энг кам харажат эвазига сифатлироқ хизматларга эга бўлиш ва кўпроқ инновацияларни жорий қилиш учун хусусий секторга рақобат қилишига рухсат берилиши керак. Бу денгизга чиқа олмайдиган мамлакат учун жуда муҳим.

— Ўзбекистон тараққиёти учун яна қандай хавф-хатарлар алоҳида эътибор қаратишни талаб қилади ва уларни қандай қилиб юмшатиш мумкин?

— Биз оғир даврни бошдан кечиряпмиз ва ҳар қандай давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам кўплаб қийинчиликларга дуч келмоқда. Уларга, жумладан, мумкин бўлган иқтисодий ва экологик зарбаларга тайёр бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Ноаниқлик — бу янги ўйин қоидаси.

Хатарлардан бири иқлим ўзгариши масалалари ҳисобланади. Иқлим ўзгариши оқибатлари Ўзбекистон аҳолиси фаровонлигига турлича таъсир кўрсатади. 2030 йилга келиб, мамлакат бўйлаб шаҳар ва қишлоқларда камида 8 миллион киши иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатар жуда юқори бўлган ҳудудларда истиқомат қилиши кутилмоқда. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, иқлим ўзгаришларига мослашиш чоралари кўрилмаган тақдирда, 2050 йилга келиб миллий иқтисодиёт ҳажми иқлим ўзгариши таъсирисиз бўлганидан 10 фоизга кичикроқ бўлади. Бу аҳоли бандлиги ва уй хўжаликлари даромадининг сезиларли даражада қисқаришига олиб келади.

Ўзбекистон дунёдаги энергия ва ресурслар энг кўп истеъмол қилинадиган давлатлардан биридир. Ўзбекистонда, айниқса, сувдан самарасиз фойдаланилмоқда, мамлакатда ЯИМ бирлигига тўғри келадиган энергия сарфи эса Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ўртача кўрсаткичдан тахминан 3 баробар, қўшни Қозоғистондан эса 2 баравар юқори. Табиий ресурслардан самаралироқ фойдаланиш чора-тадбирларини амалга оширишни давом эттириш зарур.

жаҳон банки, интервью, марко мантованелли

— Сўнгги тўрт йил давомида Ўзбекистоннинг турли давлат муассасалари ва экспертлари билан яқин ҳамкорлик бўйича тажрибангиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, тараққиётнинг ҳозирги босқичида Ўзбекистон учун энг зарури нима? Малакали мутахассисларми, сиёсий иродами ёки технологиями?

— Саволингизга жавоб бериш учун Ўзбекистондаги фаолиятим давомида мени энг қизиқтирган ва ташвишга солган бир жиҳатни келтириб ўтаман. Энг қизиқ жиҳат — ҳукуматдаги ҳамкасбларимиз, қолаверса, фуқаролик жамиятининг ҳам кўпроқ нарса билиш, кўпроқ маълумотга эга бўлиш, илғор тажрибаларни қўллаш, кун тартибидаги масалаларни улкан мақсадлар билан олға суришга бўлган самимий қизиқиши. Буни бошқа кўплаб мамлакатларда учратмайсиз. Бошқа мамлакатларда эшикни тақиллатиш ва «Буни қилиш сизга қизиқми?» деб сўраш керак. Бу ерда эса аксинча, «Буни қилишга ёрдам бера оласизми?» деб сўрашади. Умид қиламанки, сиз бу сифатни йўқотмайсиз.

Ташвишга соладиган жиҳати шундаки, бу жуда кўп меҳнат талаб қиладиган жараён орқали содир бўлади, деган бўлардим. Сизда ҳали ҳам институционал салоҳият билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Кўпинча бир нечта муассасалардан бир хил сўровлар оламиз. Биринчи бўлиб кимга ва нима кераклигини тушуниш биз учун жуда қийин. Турли институционал идораларда миллий сиёсатни мувофиқлаштириш мураккаб вазифалигича қолмоқда. Бу борадаги ишларни такомиллаштириш давлат бошқаруви самарадорлигини сезиларли даражада оширади.

Кўникмаларнинг мос келмаслиги муаммоси ҳам мавжуд. Сизда аъло даражадаги кўникмаларга эга мутахассислар бор. Давлат бошқарувида улар бир неча жойларда жамланган. Ўрта ёки марказлаштирилган бўғинда эса улар худди шундай сифатга жавоб бермайди. Қандай қилиб буларнинг барчасини ресурсларни йўқотмаган ҳолда янги босқичга олиб чиқиш мумкин? Чунки шундай муаммо мавжудки, сиз одамларни ўқитасиз, кейин улар хусусий секторга ўтиб кетади ёки чет элга кетади. Шундай экан, малакали кадрларни сақлаб қолиш яна бир катта муаммо.

Учинчидан, ишлаб чиқариш циклида ҳам, қарор қабул қилиш жараёнида ҳам тўлақонли инклюзивликни қайд этган бўлардим. Аёлларнинг ўрни илгаригидек жуда кам. Вазият, албатта, сезиларли даражада яхшиланди. Бироқ, Ўзбекистон аёлларнинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси салмоғини оширмасдан туриб ўртадан юқори даромадли мамлакатлар даражасига чиқа олмайди.

— Қарор қабул қилиш жараёнида сиёсатчилар ресурслар етишмаслиги муаммосига дуч келишади. Шунинг учун улар муайян соҳага кўпроқ устуворлик беришга мажбур бўлишади. Сизнингча, ҳозир мамлакат учун қайси ислоҳот энг муҳим ва уни кечиктирмаслик зарур?

— Бундай тарзда қарор қабул қилиш жараёнлари ҳақида гап кетганда, мен далилларга асосланган сиёсатни ишлаб чиқиш давом этиши ва кенгайтирилиши кераклигини таъкидлаган бўлар эдим. Сизларда кўп нарса интуицияга асосланиб ҳал қилинади — «бу ҳудудга эмас, мана бунисига инвестиция киритиш ўзини оқлайди». Бироқ бунинг учун маълумотлар керак. У ёки бу ҳудудга инвестиция киритиш, у ёки бу соҳага инвестиция киритиш, мактабни кўчанинг у ёки бу томонида қуришнинг қиёсий афзалликларини кўрсатувчи маълумотлар. Ана шундай ёндашувни кучайтириш керак. Бу устувор вазифа.

Асосий муаммоларни ҳал қилиш, иқлим ўзгариши, рақамлаштириш йўлида кучларни бирлаштириш учун секторлар ўртасида кучли институционал мувофиқлаштириш зарур. Бу жараёнларга тааллуқли.

Нима қилиш кераклигига келсак, асосий фикримни яна такрорлайман: кўп нарсага эришилди, бироқ ўтиш ҳали якунига етмади. Ўзбекистон ўтиш даврида бу ҳолатда қотиб қолган давлатга айланмаслиги керак. Бу сакрашни якунига етказиш учун давлатнинг иқтисодиётдаги ролини ислоҳ қилиш лозим. Давлат хусусий секторни жалб қилиш учун камроқ даражада инвестор ва кўпроқ воситачи бўлиши зарур.

Шунингдек, аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилишни таъминлаш керак. Бундай ҳам ички, ҳам ташқи ўзгаришлар даврида иқтисодиёт, имконият ёки география нуқтаи назаридан энг заиф аҳоли қатламини ташлаб қўймаслик лозим. Давлат уларни ҳимоя қилиши зарур.

жаҳон банки, интервью, марко мантованелли

— Тўрт йиллик қизғин фаолиятингизда сўнг Ўзбекистондаги миссиянгизни якунлаш арафасидасиз. Профессионал ҳаётда келгусидаги режаларингиз қандай?

— Тез орада «Таълим бўйича глобал ҳамкорлик» (GPE) жамғармаси раҳбарларидан бири сифатида янги иш бошлайман. GPE’нинг асосий мақсади дунёда, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда таълим сифатини оширишдан иборат. GPE котибияти Жаҳон банкининг Вашингтондаги штаб-квартирасида жойлашган бўлиб, жамғармани зарур маъмурий ёрдам билан таъминлайди.

Ушбу янги лавозимда мен GPE’нинг, Африкадан ташқари, дунёнинг барча минтақаларидаги фаолияти учун жавобгар бўламан. Бунга Ўзбекистон ҳам киради. Шундай экан, бу ерга тез орада яна қайтиб келишга умид қиламан. Мажбуриятларим маблағ жалб қилиш ва бутун дунё бўйлаб GPE билан ҳамкорлик қиладиган турли ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда ишлашни ўз ичига олади.

— «Газета.uz» таҳририятига ташрифингиздан ғоятда мамнун бўлдик. Сизга энг яхши тилакларимизни тилаб қоламиз!

— Суҳбат учун сизга катта раҳмат!