3 июль куни тонгда Тошкентнинг Юнусобод туманидаги Мойқўрғон ва Қорақамиш кўчалари кесишмаси остидан ўтган 800 диаметрли магистрал сув қувури тешилиб, атрофни сув босгани ҳақида хабар берилган эди. 9 июнь куни «Ўзсувтаъминот» АЖ раҳбарияти иштирокида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Юнусободдаги қувур ёрилиши оқибатида қанча ичимлик суви йўқотилгани маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Ўзсувтаъминот» бўлими бошлиғи Асилжон Муҳиддиновнинг сўзларига кўра, юз берган носозлик бевосита 1970−1975 йилларда тортилган сув қувурларининг бугунги кунда таъмирталаб аҳволга келгани ва ўша тармоқда ортиқча босим пайдо бўлгани оқибатида кузатилган.

«Шу ўринда айтадиган бўлсам, [бизнинг тизимда] носозлик жараёнида йўқотилган техник сув сарфи ва йўқотишлари, деган меъёрий ҳужжат бор, яъни мазкур ҳужжатда юзага келиши мумкин бўлган носозликлар сабабли йўқотиладиган сув хажмлари кўзда тутилади. Маълумот учун, 2024 йилги республикамизнинг техник сув сарфи кўрсаткичлари 12 фоизни, техник йўқотишларимиз (тармоқда табиий юзага келадиган носозликлар туфайли) 17 фоизни ташкил этади. Бу, албатта, тармоқларни модернизация ва реконструкция қилиш билан боғлиқ. Бундан ташқари, тармоқдаги босимни онлайн режимда назорат қилиб борувчи ускуналарни ўрнатиш орқали бу каби муаммоларни ҳал этиш мумкин», — деди у.

сув босиши, юнусобод, узсувтаъминот

Асилжон Муҳиддинов / Фото: АОКА

Унинг айтишича, бирламчи ҳисоб-китобларга кўра, носозлик жараёнида 80−85 минг куб метр миқдоридаги ичимлик суви йўқотилган.

«Бу Тошкент шаҳрига бир кунда узатилаётган ичимлик сувининг 3,2 фоизини ташкил қилади. Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳар йил бошида йил давомида сувнинг йўқотиш меъёрлари кўзда тутилади. Йил якунида бу меъёрдан ортиқча сув йўқотишларга йўл қўйиладиган бўлса, бу корхонанинг ортиқча зарари сифатида қайд этилади. Агар биз тармоқларни рақамлаштириб, уларнинг босимини онлайн бошқарадиган ускуна ва жиҳозларини ўрнатмас эканмиз, тармоқнинг қайсидир нуқтасида авария содир бўлишини олдиндан била олмаймиз. Мана шу ишларни амалга оширсак, тармоқни тўлиқ назорат қилиш ва носозликларнинг олдини олиш имконига эга бўламиз», — деди «Ўзсувтаъминот» вакили.

«Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раис ўринбосари Хуршид Рахматуллаевнинг таъкидлашича, авария диаметри 1200 миллиметрли қувурнинг 800 мм бўлган қувурга уланган қисмида содир бўлган.

сув босиши, юнусобод, узсувтаъминот

Хуршид Рахматуллаев / Фото: АОКА

«Ушбу ҳодисада йўқотилган ичимлик суви зарари аҳоли ёки ўша ҳудуддаги истеъмолчилар бўйнига ҳисобланмайди. Юқорида айтганимиздек, техник йўқотишлар аввалдан кўзда тутилади. Агар йил давомида 17 фоиздан ошадиган бўлса, қувур эгаси, яъни бизнинг ташкилот зарари ҳисобланади, табиий йўқотиш, деган мазмунда зарар қопланади. Бу ҳеч қанақасига истеъмолчилар бўйнига тушмайди», — деди Хуршид Рахматуллаев.