Yandex Go Тошкентда электросамокатларни ижарага бериш хизматини ишга туширди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Электросамокат Yandex Go иловаси орқали ижарага олинади. Одамлар кўп тўпланадиган жойларда самокатлар автоматик тарзда тезлигини пасайтиради ва илова хавфсизлик қоидаларини эслатади.

Бундай ҳудудлар шаҳар билан ҳамкорликда белгиланади ва илова харитасида кўрсатилади. Ҳайдаш тақиқланган ҳудудларда самокатлар аста-секин тезликни пасайтириб тўхтайди.

Самокатни банд қилиб бўлганидан кейин фойдаланувчилар унга етиб бориш учун 10 дақиқа бепул вақт олади. Саёҳат учун иловага боғланган картадан тўлов қилинади.

Саёҳат нархи бир дақиқаси учун 890 сўмдан бошланади. Қулайлик учун 30 дақиқага 20 990 сўм, 50 дақиқага 32 990 сўм ва 100 дақиқага эса 61 990 сўмлик пакетларни ҳам харид қилиш мумкин.

«Электросамокатлар қисқа саёҳатлар учун жуда қулай, улар тирбандликларда қолмасликка ва вақтни тежашга ёрдам беради. Хавфсиз ҳайдаш учун эҳтиёт чораларига риоя қилиш муҳим. Шунинг учун биз йўллар ва тротуарларда тўғри ҳаракат қилишга, шунингдек, бошқа йўловчиларга ҳам ҳурмат кўрсатишга катта эътибор қаратамиз», — дея таъкидлади МДҲ мамлакатларида Yandex Go Самокатлар хизмати раҳбари Темирлан Тогузбаев.

Бир аккаунтдан бир вақтнинг ўзида учтагача самокатни банд қилиш мумкин. Бир пайтда бир нечта самокат олишни икки йўл билан: иловадаги «Яна битта» тугмаси орқали ёки самокат корпусидаги QR-кодни сканерлаш орқали бажариш мумкин.

Электросамокатдан фойдаланиш хавфсиз ва қулай бўлиши учун ундан фойдаланишда битта одамдан ортиқ бўлмаслиги керак. Самокатларни 18 ёшдан бошлаб ижарага олиш ва улардан фойдаланиш мумкин. Yandex Go самокатида саёҳат қилаётган фойдаланувчиларнинг ҳаёти ва соғлиги суғурталанган.