«Газета.uz» YouTube’даги ўзбекистонлик контент муаллифлари томонидан тайёрланган видеоларнинг ойма-ой сарҳисобини тайёрлашда давом этади. Навбат — 2024 йилнинг июнь ойи якунларига.

Изоҳ: Қуйида муштарийлар эътиборига ҳавола этилаётган видеолар таҳририят тавсияси эмас. Бунда аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил июнь ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинган. Айни вақтда, фурсатдан фойдаланиб, «Газета.uz»нинг ўзбек ва рус таҳририятлари томонидан июнь ойида тайёрланган видеоконтентни ҳам яна бир бор эслатиб ўтишни жоиз деб билдик.

«Газета.uz» эълон қилган видеолар

«Одамларга вақт бериш керак» — Буюк Британия элчиси Тимоти Смарт

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Смарт «Газета.uz» билан катта интервьюда минтақадаги ҳамкорлик ва статистик маълумотларнинг сиёсий қарорлар учун аҳамияти ҳақида гапирди. У одамларга ислоҳотларни амалга ошириш учун вақт бериш кераклигини айтди. Элчи, шунингдек, ўзбек тилини билиши мамлакатни яхшироқ тушунишга ёрдам бераётганини таъкидлади.

Мифономика: Автократия барқарорликни таъминлайдими? | Фарҳод Толипов

«Мифономика» лойиҳасининг 10-сонида сиёсатшунос Фарҳод Толипов билан «Автократия барқарорликни таъминлайди» деган миф ҳақида суҳбатлашилди.

Хуршид Давроннинг шахсий кутубхонасидан репортаж

«Газета.uz» китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида «Кутубхона» номли лойиҳа бошлади. Унда ўз хонадонида кутубхона ташкил қилган мутолаа ишқибозлари билан китобхонлик ва кутубхоначилик ҳақида суҳбатлар уюштирилади. Лойиҳанинг илк меҳмони — Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон.

Шоир, драматург, ёзувчи ва таржимон Хуршид Давроннинг «Қадрдон қуёш» номли илк китоби 1979 йили чоп этилган. Кейинчалик «Шаҳардаги олма дарахти», «Тунги боғлар», «Тўмариснинг кўзлари», «Болаликнинг овози», «Қақнус», «Бибихоним» каби асарлари босилган. 1999 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвони билан тақдирланган. Олий Мажлис депутати бўлган. Турли нашриётлар ва «Тошкент», «Ёшлар», «Ўзбекистон» телеканалларида раҳбар лавозимларида ишлаган. 2007 йилда «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтига асос солган.

Рус тилида: Сўровнома: Тошкент суперқаҳрамони қандай кўринишда бўлади? — Comic Con иштирокчилари фикри

Тошкентда машҳур маданиятлар ва косплейнинг кенг кўламли фестивали — Comic Con бўлиб ўтди. Humo Arena’да машҳур кинофраншизалар, телесериаллар, комикслар, аниме ва компьютер ўйинлари қаҳрамонлари жам бўлди. «Газета.uz» ҳам бу тадбирда бўлиб, репортаж тайёрлади. Қуйидаги сўровномада эса фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлари тошкентлик суперқаҳрамон қандай кўринишда бўлиши кераклиги бўйича фикрларини билдирган.

Бир том остидаги ҳамкорларимизнинг материаллари

Afisha.uz. Овоз — 2-босқич саҳна орти жараёнларидан эксклюзив видео (+ интервьюлар)

Afisha.uz «Овоз» лойиҳасининг 2-босқичи суратга олиш жараёнларида қатнашиб, иштирокчилар, мураббийлар ва лойиҳа бош продюссери билан суҳбатлашди. Ушбу видеодан суратга олиш ишлари қандай ўтгани, мураббий ва иштирокчиларда ҳиссиётлар қандай экани, тайёргарлик жараёни қандай бўлгани, саҳна ортида нималар борлиги ҳақида билиб олиш мумкин.

Spot. HR ким ва у нега керак?

Козимхон Тўраев — HR ва бизнес бошқарув бўйича 18 йилдан ортиқ тажрибага эга. У дастлаб Procter-&-Gamble дистрибюторлик компаниясида HR-менежер лавозимида фаолият юритган. Козимхон 6 йил давомида Саудия Арабистонидаги Ислом тараққиёт банкида HR-менежерликда, сўнгра Инвестициялар бўлимида тажриба оширган. Ҳозирда Ameen Group асосчиси, «Ислом молияси», «Корпоратив бошқарув ва HR», «Бизнесда барака омиллари» мавзуларида тренинг ва консалтинг хизматларини кўрсатиб келмоқда. У Spot’га берган интервьюсида Ўзбекистонга HR соҳасининг кириб келиши, йўналишлари ва компанияда бу бўлимни қандай ташкил этиш ҳамда талабгир кадрлар масаласи ҳақида сўзлаб берди.

Бошқа муаллифлар эълон қилган видеолар

Энди бошқа муаллифлар эълон қилган видеоконтентларга ўтсак. Бунда, юқорида қайд этилганидек, аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил июнь ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинди.

BekipediA. Бизни алдашганми? Ернинг асл шакли

«BekipediA»нинг ушбу сонида ясси ер назарияси қанчалик тўғри ёки нотўғри экани ҳақида гап боради.

NmaGap. «Ҳаёт фақат кулгидан иборат эмас!» Садулла Фатхуллаев

«NmaGap» лойиҳасининг навбатдаги сонида «Дизайн» юмористик жамоаси аъзоси Саъдулла Фатхуллаев меҳмон бўлди.

Калибр. Қилган ҳамма ишимиз хато / Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев икки ойлик танаффусдан сўнг яна YouTube’да кўриниш берди. Ортиқхўжаев иштирок этган видеолар февраль ва март ойидаги сарҳисобларимиздан ҳам ўрин эгаллаганди.

Тунги қаҳрамон. Ўткир Шодмонов ва Миршакар Файзуллоев

Стендап комик Миршакар Файзуллоев ўзининг «Тунги қаҳрамон» дастурида бу сафар блогер Ўткир Шодмоновга саволлар берди ва меҳмонини қизиққарли шартлар билан синади.

NQE podcast. Бефарқлик бизни ўлдиради! Фурқат Қурбонов, Отабек Маҳкамов, Teacher Азам

Teacher Азам ўзининг «Нозик қалб эгалари» лойиҳасининг бу сонида Фурқат Қурбонов билан мезбонликда блогер Отабек Маҳкамов билан суҳбатлашди. Меҳмон ўзбек портрети қандай экани, яхши ҳаётга интилиш, ўзбекнинг соддалиги ва бефарқлик одамларни ўлдириши ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Хўп подкаст. Дониёр Ғаниев | Тарифлар ошиши, ЖСТ ва сайловлар: Ўзбекистонни нима кутмоқда?

Депутат Расул Кушербаев ўзининг «Хўп подкаст» лойиҳаси доирасида бу сафар собиқ ҳамкасби, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев билан электр энергияси ва газ учун тарифлар ошгани, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши масаласи ҳамда кутилаётган парламент сайловлари ҳақида суҳбатлашди. «Газета.uz» бу суҳбатдан Дониёр Ғаниевнинг мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиши, энергоислоҳот фақат битта қадам бўлиб қолиб кетиши эҳтимоли, газ субсидиялари ҳақидаги фикрларини матнлаштиришга ҳам улгурди.

Марказий сектор. Евро-2024: Плей-оффда кимда қандай имконият?

«Марказий Сектор» лойиҳаси футбол бўйича 2024 йилги Европа чемпионатига бағишлаб «Европодкаст» дастурини бошлаб юборди. Масалан, унинг 4-сонида Евро-2024 плей-офф босқичи олдидан жамоаларнинг босиб ўтган йўли ва кейинги босқичдаги имкониятлари ҳақида сўз боради.

Magnit. Коинотдаги ўзбеклар — биз космосда нималар қилганмиз?

Ўзбеклар коинотга чиққани ҳақида билармидингиз? Нега улар ҳақида кам гапирилади? «Magnit» лойиҳасининг бу галги сонида ўзбек миллатининг коинотга қўшган ҳиссаси ҳақида гап боради.

У ким эди? Шермуҳаммадбек | Умрини ватан учун сарфлаган қўрбоши

Блогер Нурбек Алимов ўзининг «У ким эди?» лойиҳасининг навбатдаги сонида томошабинларни Шермуҳаммадбек қўрбоши шахсияти билан яқиндан таништиришга ҳаракат қилди.

Лолазор. #22 Ҳисорак ваҳимаси: Давлатнинг функцияси қамаш эмас, тезкор ахборот бериш

«Лолазор»нинг бу галги сонида энергетика ва газ билан боғлиқ муаммолар, Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликнинг фойда-зарарлари, ўзбекистонлик мигрантлар, рубль курси билан боғлиқ ноаниқликлар, жарима балларини белгилаш ҳақидаги қонун, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун, Ўзбекистон ҳақида номаъқул гап айтган чет эл фуқаролари 5 йил давомида Ўзбекистонга киритилмаслиги ҳақидаги қонун лойиҳаси, ғалла ҳосили ҳамда Ҳисорак сув омбори билан боғлиқ ҳолат ҳақида суҳбатлашилди.

Sahna stand up. Стендап концерт / Ислом Каримов, Абдураҳим Мансуров, Бекзод Юсупов, Наврўз Ҳикматов

«Саҳна» стендап клуби кичик танаффусдан сўнг яна ўзининг YouTube каналида навбатдаги концертни эълон қилди. Одатдагидек Ислом Каримов бошловчилик қилган концертда стендап комиклар Наврўз Ҳикматов, Абдулазиз Ҳакимович, Бекзод Юсупов, Аббос Мелиев, Аваз Тўхтасинов, Отабек Худойбердиев, Аббос Серобов, Абдураҳим Мансуров, Иззатилла Чорихўжаев, Файзулла Носиров, Дилшод Ҳусанжонов чиқиш қилди.

Фикр етакчилари. Доллар курси назорати, конвертация, монополистлар фойдаси, иқтисодиётдаги хавф-хатарлар

«Фикр етакчилари» подкастининг навбатдаги сонида профессор Нишонбой Сирожиддинов меҳмон бўлди ва иқтисодиёт, доллар курси устидан назорат, конвертация, монополистлар фойдаси, иқтисодий хавф-хатарлар масалалари бўйича ўз фикрларини билдирди.

Соққа. Акмал Пайзиев: Гигантлар билан рақобат ва бизнес қоидалари

Миршакар Файзуллоевнинг «Соққа» лойиҳаси навбатдаги сонида тадбиркор, Ўзбекистонда IT соҳасида қарийб 20 йиллик тажрибага эга Акмал Пайзиев меҳмон бўлди. Акмал Пайзиевнинг босиб ўтган йўли интернет-кафе, GPS-навигация ва транспортларни моторинг қилишдан бошлаб ишчилар давоматини ҳамда вақтини ҳисоблайдиган тизимгача, шунингдек, такси ва овқат етказиб бериш хизматини ҳам ўз ичига олади.

Pakapak. Қимор ўйнаб бойиб кетиш мумкинми?

«Pakapak» лойиҳасининг навбатдаги сонида нима учун одамлар қимор, ставкалар ўйнаши, қандай қилиб улар психологик тузоқларга тушиши, казино, букмекерлар қандай ишлашини ҳақида маълумот берилади.

Сусамбил. «Телба Макс» ва «Фуриоса» фильмлари таҳлили. Бензин учун шафқатсиз кураш

«Сусамбил»нинг навбатдаги сонида австралиялик режиссёр Жорж Миллер томонидан яратилган «Телба Макс» франшизасининг барча фильмлари, хусусан, 2024 йилда катта экранлар юзини кўрган «Фуриоса» лойиҳаси батафсил таҳлил қилинади.

Fashion gap. Met Gala 2024: Liil.khuramov, Дилноза Умирзакова ва Dee Hanim

Бу ойги сарҳисобимиздан «Fashion gap» лойиҳаси ҳам ўрин олди. Унинг муаллифлари лойиҳа Ўзбекистондаги жаҳон модасига назар солувчи илк подкаст эканини таъкидлайди. «Fashion gap»нинг навбатдаги сонида блогер Озод Ҳуррамов (Liil.khuramov), Ёш дизайнерлар кенгаши раисаси ва Anor бренди дизайнери Дилноза Умирзоқова ва коуч Дилрабо Норқулова (Dee Hanim) йилнинг энг муҳим мода ивенти ҳисобланувчи Met Gala 2024'ни муҳокама қилди.

Қурултой. Ғазнавийлар сулоласи тарихи: Маҳмуд Ғазнавий ва Беруний

«Қурултой»нинг навбатдаги сони Ғазнавийлар сулоласи тарихига бағишланди. Унда турколог олима, PhD Феруза Жуманиёзова меҳмон бўлди. Лойиҳанинг аввалги сонларида Феруза Жуманиёзова билан туркларнинг Ҳиндистондаги тарихи ҳақида гаплашилган эди. Бу сафарги мавзу эса Ҳиндистонга кириб бориб, у ерда ислом маданиятини ёйган туркий ҳукмдор Маҳмуд Ғазнавий ҳақида бўлди.

Uzbekonomics. 43 — Саноат сиёсатининг қайтиши

Охирги йилларда саноат сиёсатини давлат томонидан бошқарилиши, баъзида эса давлат томонидан саноат сиёсати ишлаб чиқилиши яна модага айланди. Бу мода нафақат ривожланаётган ва давлат ўрни катта бўлган мамлакатларда, балки ривожланган ва бозор иқтисодиётига ўтган мамлакатларда ҳам кузатилмоқда. «Uzbekonomics» подкастининг бу эпизодида иқтисодчилар Ботир Қобилов ва Беҳзод Ҳошимов давлат томонидан саноат сиёсати юритилишининг афзаллик ва камчиликлари, тарихи, сиёсати ва ҳозирги кундаги қўлланилиши ҳақида гаплашди.

Ҳошимов иқтисодиёти. Адиб Холид — Марказий Осиё чегаралари, жадидлар идеалогияси ва Ўзбекистон ҳақида

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг «Ҳошимов иқтисодиёти» лойиҳасида бу сафар Марказий Осиё тарихи ва маданияти соҳасидаги таниқли олим, тарихчи ва мутахассис Адиб Холид меҳмон бўлди. Профессор Холиднинг тадқиқотлари Марказий Осиё тарихига, айниқса, унинг 1860 йилларда Россия томонидан босиб олиниши давридан ҳозирги кунгача бўлган маданий ва идентификацион ўзгаришларга қаратилган. Унинг илмий ишлари мусулмон ва рус/совет дунёларининг кесишиш нуқтасини чуқур таҳлил қилиб, хусусан, Марказий Осиёда Ислом динининг чоризм ва совет бошқаруви остидаги тақдири ҳақида муҳим маълумотларни беради. У «Ўзбекистон таваллуди» китобининг муаллифидир.

1844 podkast. Энг кичкина ва энг жонли ўзбек театри

Июнь ойида фотограф Элёр Немат «1844 подкаст» номли янги лойиҳага қўл урди. Театр, кино ва умуман маданият соҳасида дискурсларга бағишланган подкастлар cериясинининг 1-эпизодида ўз саҳнаси ва моддий таянчга эга бўлмасдан туриб кўпчилик қалбидан жой олиб келаётган «Ўрта Осиёдаги энг кичкина ва энг жонли театр» — «Шамси қамар» театри ҳақида гап боради.

Archemistry Urban. Умид Гафуров билан пиёда гурунг. Маҳтумқули кўчаси

Ўзбекистон шаҳарларида кундан-кун янги бинолар қурилмоқда. Қурилишлар қаердадир жуда яхши ўйланган бўлса, қаердадир хатоларнинг чеки йўқ. Урбанист Искандар Солиев ўзининг навбатдаги «Пиёда гурунг»ини блогер Умид Гафуров билан Маҳтумқули кўчасидаги уюштирди. Улар янги турар жойлар ва йўллар атрофида айланиб, ижобий жиҳатлар, муаммолар, камчиликлар ва ноқулайликлар ҳақида суҳбатлашди.

Диққат, савол! Тадбиркорлик. Ижтимоий масъулият. Шерикчилик

«Диққат, савол!» подкастининг бу сонида тадбиркорлик, унинг бизнесдан фарқи, тадбиркорликда шерикчилик ҳамда ижтимоий масъулият мавзуларида блогер Нурбек Алимов, заковатчи ҳамда тадбиркорлар Саидкамол Абдураззоқов, Рушана Ражабова ҳамда Payme компанияси маркетологи Нодира Султонхўжаева иштирокида суҳбат уюштирилган.

Олмонистон. Евро-2024, Мюнхендаги ўзбеклар жамоаси, Германия футболи

Юқорида таъкидланганидек, айни вақтда Германия майдонларида футбол бўйича терма жамоалар ўртасида йилнинг энг муҳим мусобақаларидан бири ҳисобланган Евро-2024 давом этмоқда. «Олмонистон» лойиҳасининг навбатдаги сони ҳам футболга бағишланди. Унда узоқ йиллардан бери Германияла яшаб келаётган ўзбекистонликлар — Дониёр Тожибаев, Мухтор Эшматов ва Қаҳрамон Позиловлар билан улар томонидан Бавария ўлкасида тузилган «ФК Мюнхен» жамоаси муваффақияти сирлари, Германияда футболга эътибор ва Евро-2024 турнири ҳақида суҳбатлашилди.

Тасвир. Анвар Илясов: Кўп гапирадиган фотографнинг яхши расми кам бўлади!

Фотограф Муҳиддин Алининг яқиндан бошлаб йўлга қўйилган «Тасвир» подкасти навбатдаги сонида спорт фотографиясининг тажрибали вакили, фотограф Анвар Илясов меҳмон бўлди. Подкаст давомида ҳозирги ёшларнинг касбга муносабати, устоз шогирд масаласи, фотография ривожи нималарга боғлиқ экани, ёш фотографларнинг камчиликлари, кулгули ва қўпол хатолар ҳақида гап боради.

Сиз-чи, қайси лойиҳаларни кузатиб борасиз?

Кейинги сарҳисобда яна қайси лойиҳалар эътиборга олиниши керак деб ўйлайсиз? Бу ҳақда Telegram’даги ботимиз орқали бизга ёзинг: @GazetauzFeedbackBot.