Тошкентда банклардан бирининг ҳисоб рақамларидан 370 миллиард сўм (Марказий банкнинг амалдаги курси бўйича 29,3 миллион доллардан ортиқ) пул ўғирлашга уринган жиноий гуруҳнинг фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. Операция Давлат хавфсизлик хизмати пойтахт бошқармаси ва шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилди.

Маълум қилинишича, 33 ёшли собиқ банк ходими банк дастурий таъминоти ва ҳисоб рақамларига кириш учун кодларни шу банкдаги мутахассиснинг 22 ёшли танишидан 6500 АҚШ доллари эвазига олган.

Шундан сўнг у Наманган вилоятида яшовчи 51 ёшли (муқаддам фирибгарлик учун уч марта судланган) ва Тошкент вилоятида яшовчи 35 ёшли фуқаро билан бирга банк ҳисоб рақамлари ҳамда банк иловасига уланган фуқароларнинг пластик карталаридан 370 миллиард сўм ўғирлаш режасини тузган. Улар пулни хориждаги офшор ҳудудлар орқали танишларининг ҳисоб рақамларига ўтказишни режалаштирган.

ўғрилик

Гуруҳ вакиллари 189 млрд сўмни чет эл валютасига конвертация қилишга ва офшор ҳудудлар орқали хориждаги ҳисоб рақамига ўтказишга уринган вақтларида қўлга олинди.

Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, улар режаларини амалга ошган тақдирда, банкнинг дастурий таъминотига чет элдан хакерлик ҳужуми бўлгани тўғрисида ёлғон маълумот тарқатмоқчи бўлган.

Қўлга олинганларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдордаги ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, 25-модда (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) бўйича қамоққа олинган.