Ижтимоий тармоқларда «Боқий Бухоро» парки лойиҳаси шаҳар чеккасида қурилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Бухоро шаҳри ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу хабарлар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди.

«„Боқий Бухоро“ маданий-этнографик паркини барпо этиш ишлари тизимли амалга оширилмоқда. Ҳозирда мазкур лойиҳани амалга ошириш мақсадида ҳудуддаги эскирган ва авария ҳолатидаги бино ҳамда иншоотларнинг асосий қисми тўлиқ демонтаж қилиниб, қурилиш майдони 90 фоизга тайёр ҳолатга келтирилган. Вилоят ҳокимлигининг аввалги биносида ҳам демонтаж ишлари аҳолига ва атрофдаги объектларга таъсир этмаган ҳолда, техник хавфсизлик қоидаларига мувофиқ давом эттирилмоқда, ишлар қарийб 70 фоизга бажарилган», — дейилади ҳокимлик ахборотида.

Қайд этилишича, лойиҳа ҳужжатлари таниқли тарихчилар, олимлар, маданий мерос соҳаси мутахассислари ва хорижий лойиҳа ташкилотлари билан ҳамкорликда якунига етказилмоқда.

«Кенг жамоатчилик, журналист ва блогерлардан асосланмаган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни тарқатмасликларини сўраймиз», — дейилади расмий муносабатда.

Лойиҳа ва аҳолининг эътирозлари ҳақида

Жамоатчилик муҳокамасига қарамай, Бухоронинг тарихий қисми ва буфер зонаси билан чегарадош ҳудудда «Боқий Бухоро» маданий-этнографик парки лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Қиймати 470 миллион долларга баҳоланаётган лойиҳа буюртмачиси сифатида Самарқандда худди шундай марказни қурган Enter Engineering компанияси танланган. 32,6 гектар майдонда мажмуа яратиш учун 29 та давлат объекти, жумладан, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри ҳокимликлари бинолари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси, Бухоро шаҳридаги 2-сонли мактаб сингари маъмурий ва маданий бинолар бузилиши режалаштирилган.

2023 йил январь ойи бошида бухороликлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга шаҳар марказида сайёҳлик маркази қурилиши режаси юзасидан мурожаат қилганди. Лойиҳа буюртмачиси сифатида Самарқандда худди шундай марказни қураётган Enter Engineering компанияси танланган

32,6 гектар майдонда мажмуа яратиш учун 29 та давлат объекти, жумладан, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри ҳокимликлари бинолари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси, Бухоро шаҳридаги 2-сонли мактаб бузилиши мумкин эди. Шунингдек, ула орасида давлат тиббиёт коллежи, Маданият коллежи, «Бухоро Арена» стадиони, ФҲДЁ ва бошқалар ҳам бўлган.

Бухоронинг тарихий қисми ва буфер зонаси билан чегарадош ҳудудларда қурилиш ва реконструксия ишлари олиб борилиши ҳисобга олиниб, лойиҳа концепциясини ЮНЕСКО билан келишиш тўғрисидаги ҳукумат қарори чиқарилган.

Kun.uz нашрининг хабар беришича, туристик марказ қурилиши учун танланган ҳудуд Бухоронинг тарихий маркази буфер зонасида жойлашгани боис ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳани қўллаб-қувватламаган.

Ҳокимлик бир йил аввал жамоатчилик ва фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда лойиҳани амалга ошириш учун бошқа ер участкалари танлаб олинишини маълум қилганди. Маъмурият, шунингдек, ЮНЕСКО хулосаси олингандан кейингина якуний қарор қабул қилиниши ва қурилиш ишлари бошланишига ишонтирганди.

Бироқ жорий йилнинг январь ойида лойиҳа барибир дастлаб режалаштирилган жойда амалга оширилиши маълум бўлди. Деярли барча иншоотлар, жумладан, стадион бузилади. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳрининг 6-микротуман ҳудудида 20 минг ўринли янги марказий стадион бунёд этилишини маълум қилган. Унга кўра, автотураргоҳлар учун 5−6 гектар ер ажратилади.

Февраль ойи бошида ЮНЕСКО ваколатхонаси Kun.uz`га ҳукумат ушбу лойиҳа учун ташкилотдан ҳали рухсат олмаганини маълум қилган ва Ўзбекистон расмийларини тарихий шаҳарнинг буфер зонасидаги лойиҳа ҳақида зудлик билан хабар беришга чақирганди. «Газета.uz» ЮНЕСКОга қўшимча саволлар билан юзланди.

Шунга қарамай, аҳоли ва ОАВ хабарларига кўра, Бухорода марказий ўйингоҳни бузиш ишлари аллақачон бошлаб юборилган.