10 июль куни Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятидаги «BYD Uzbekistan Factory» заводида амалга оширилаётган ишлар ва галдаги вазифалар ҳақида ҳисобот билан танишди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.
Завод хориждаги BYD компаниясининг электромобиль ва гибрид автомобиль ишлаб чиқариш бўйича илк заводи ҳисобланади.
«Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Розиқулов мазкур инвестиция лойиҳасининг дастлабки натижалари ва уни кенгайтиришга қаратилган режалар тўғрисида ахборот берди.
Йиғилишда тўлиқ ишлаб чиқариш жарёнини ишга тушириш доирасида Ўзбекистон корхоналари томонидан пластик қисмлар, ойналар, бамперлар, дисклар ва бошқа кўплаб компонентлар ишлаб чиқарилиши бўйича BYD сифат тизимига мос келиши учун таҳлил ўтказилгани айтилди.
«Аҳолининг енгил автотранспорт воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва уларнинг турларини кенгайтириш мақсадида хитойлик ҳамкорлар билан В, С ва бюджет автомобиллари сегментидаги автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича келишувларга эришилди. Уларнинг биринчи намуналари хитойлик ҳамкорлар томонидан замонавий стандартлаштириш тизими синовларини ўтказиш учун лабораторияларга топширилди», дейилади хабарда.
Шунингдек, замонавий технология ва стандартларни нафақат ишлаб чиқариш, балки савдо, сервис ва кафолат йўналишларида ҳам татбиқ этиш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Бу сифатсиз маҳсулот чиқарилишининг олдини олади ҳамда автотранспортга юқори сифатли сервис ва кафолатли хизмат кўрсатилишини таъминлайди.
Учрашув давомида BYD билан ҳамкорлик маҳаллий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ҳам ўз ичига олиши ҳам айтилди. Жиззахдаги «BYD Uzbekistan Factory» компаниясига малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида Жиззах политехника институти ва Тошкентдаги Турин политехника университети билан биргаликда юқори малакали мутахассисларни ўқитиш бўйича муҳандислик ўқув марказини ташкил қилиш режалаштирилган.
Давлат раҳбари «BYD Uzbekistan Factory» қўшма корхонаси қувватларида ишлаб чиқаришни тезлаштириш, ҳамкорликнинг кейинги босқичлари бўйича стратегия ишлаб чиқиш, келгусида ишлаб чиқариш қувватини йиллик 500 минг донага етказиш ва экспорт бозорларига чиқиш бўйича аниқ вазифаларни қўйди.
Маълумот учун, «Ўзавтосаноат» ва Хитойнинг BYD Auto компанияси 2022 йилда Ўзбекистонда автомобилларини тўлиқ циклда ишлаб чиқаришни ташкил этишга келишиб олган. Аввалроқ томонлар Ўзбекистон бозори ўрганилаётгани ҳақида хабар берганди. 2022 йил 29 декабрда BYD Europe B. V. (40 фоиз улуш) ва «Ўзавтосаноат» (60 фоиз улуш) компанияси «BYD Uzbekistan Factory»ни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, 27 июнь куни Шавкат Мирзиёев Жиззахдаги «BYD Uzbekistan Factory» автомобиль заводига ташриф буюрганди. Ҳозир у ерда 2 моделдаги автомобиль ишлаб чиқарилмоқда — Chazor ва Song Plus Champion. Шавкат Мирзиёев BYD президенти Ван Чуаньфу билан компаниянинг Ўзбекистонда «яшил» транспортни ривожлантириш лойиҳасида иштирок этиш режаларини муҳокама қилганди. У инновацион тадқиқот марказини яратиш, Blade батареялари ва BYD электробусларини ишлаб чиқариш кабиларни ўз ичига олади.
«BYD Uzbekistan Factory» бош директори Шафқатбек Алимов Жиззахдаги заводдан чиқадиган машиналар нархи четдан олиб келинадиганлари нархидан арзон бўлиши ҳақида айтганди. Завод 3 та янги модел: E2, Seagull ва Yuan`ни ишлаб чиқармоқчи, маҳаллийлаштиришни 60 фоизга етказмоқчилиги айтилганди.