Тошкент шаҳри Сергели туманида 3 та автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани хабар қилинганди. Ҳодиса оқибатида бир киши вафот этди, дея маълум қилмоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 43 ёшли Д.У. (аёл) бошқарувида бўлган Spark фуқаро И.М. (эркак) бошқарувидаги Honda ва фуқаро А.А. (эркак) бошқарувидаги Spark билан тўқнашган. Тармоқларда тарқалган видеоларда Spark`нинг бетон тўсиқ устидан қарама-қарши йўналишга учиб чиқиб кетгани ва машиналарга бориб урилганини кўриш мумкин.

ЙТҲ оқибатида биринчи Spark автомашинасида бўлган 33 ёшли аёл С.Х. шифокорларнинг сай-ҳаракатларига қарамасдан вафот этган. Ўша машина ҳайдовчиси ва 22 ёшли Honda йўловчиси тан жароҳат олиб шифохонага ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда, дейилади хабарда.