Президент Шавкат Мирзиёев 10 июль куни бюджет маблағларидан фойдаланилиши устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Молиявий назоратни Ҳисоб палатаси амалга оширади. Ҳозирги тизимда фақат бюджет ва мақсадли жамғармалар харажати ташқи аудит билан қамраб олинган. Бу жами харажатларнинг 86 фоизини ташкил этади.

Шу боис Ҳисоб палатаси томонидан консолидациялашган бюджет ижросини ташқи аудитдан ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу бюджетдан ташқари жамғармалар ҳамда ташқи қарз ҳисобидан харажатларни ҳам қамраб олиш имконини беради, дейилади хабарда.

Ҳисоб палатаси фаолиятида давлат дастурларидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришишда юзага келиши мумкин бўлган хавфларни баҳолашга қаратилган стратегик аудит ҳамда давлат ташкилотларидаги дастурий таъминотлар самарадорлиги бўйича ахборот технологиялари аудити жорий этилиши мўлжалланмоқда.

аудит, консолидациялашган бюджет, шавкат мирзиёев, ҳисоб палатаси

Ўзбекистонда 30 мингга яқин бюджет ташкилоти ва давлат корхонаси бўлиб, уларни жойига чиқиб ўрганишга кўп вақт ва маблағ кетади. Шунинг учун Ҳисоб палатасида «Масофавий назорат маркази» ишга туширилди. Президент илғор хорижий тажриба асосида 36 та риск-таҳлил мезонлари ва индикаторларини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Қайд этилишича, маҳаллий кенгашлар бюджет муҳокамасида асосан вилоят ёки туман бюджети билан чеклнаяпти. Бу — ҳар бир ҳудудга барча манбалардан берилаётган маблағларнинг 65−70 фоизи уларнинг назоратидан четда қоляпти, дегани.

Эндиликда Ҳисоб палатаси бюджет жараёнини нафақат Олий Мажлис палаталарида, балки маҳаллий кенгашларда ҳам муҳокама қилиб бориши кераклиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги консолидациялашган бюджет тақчиллиги чегараси 3 фоиз ўрнига 4 фоиз этиб тасдиқланганди (52,5 трлн сўм). Давлат қарзи бўйича чегара ҳам 5 млрд долларгача ошган, унга хизмат кўрсатиш янада қимматлашади. ЯИМ ўсиши 5,6−5,8 фоиз, инфляция 8−10 фоиз даражасида прогноз қилинмоқда.

2023 йилда Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети дефицити рекорд даража — 59 трлн сўмни ташкил этиб, аввалги йиллардаги кўрсаткичлардан анча юқори бўлганди. Ўтган йил охирида ҳукумат харажатлар чегарасини ушлаб туролмагани сабабли парламент орқали лимитни оширганди.