Копенгаген маъмурияти сайёҳларни экологик масъулиятли хатти-ҳаракати — жамоат транспортидан фойдалангани ёки чиқинди йиққани учун бепул озиқ-овқат ва маданий тадбирларга кириш ҳуқуқи билан мукофотлашга қарор қилди, деб ёзди CNN.

CopenPay деб номланувчи янги ташаббус 15 июлдан 11 августгача амал қилади. Бу ««яшил» ҳаракатларни маданий тажрибалар олиш учун валюта сифатида алмаштириш»ни ўз ичига олади, дейилади Дания пойтахтининг туризм ташкилоти Wonderful Copenhagen хабарида. Шу йўл билан расмийлар туризмнинг «экологик юкини» қопламоқчи.

«CopenPay велосипед ҳайдаш, тозалашда қатнашиш ёки шаҳар фермаларида кўнгилли бўлиш каби хатти-ҳаракатларни мукофотлайди, бунинг эвазига турли хил фойдали тажрибалар ва Копенгагеннинг кундалик мўжизаларидан фойдаланиш имкониятини беради. Бунга музейларга бепул экскурсиялар, бепул байдарка ижараси ва ҳатто маҳаллий ингредиентлардан тайёрланган бепул вегетариан тушлик киради», — изоҳлади Wonderful Copenhagen.

Масалан, Дания Миллий галереясига пластик чиқиндилар билан келган ташриф буюрувчилар уни қандай қилиб санъат асарига айлантириш бўйича семинарда қатнашишлари мумкин бўлади. Сайёҳлар, шунингдек, велосипед ёки жамоат транспортида етиб келган тақдирда, машҳур Copenhill сунъий чанғи учиш саройидан бепул фойдаланиши мумкин бўлади.

Дастур ишончга асосланган, шунинг учун, катта эҳтимол, сайёҳлардан ўзларининг «яшил» фаолиятини исботлаш талаб этилмайди, дея аниқлик киритди BBC News.

«Баъзи аттракционларда велосипедда кетаётганингиз акс этган суратни ёки жамоат транспортига чиптангизни кўрсатишингиз керак бўлиши мумкин», — деди Копенгаген туризм кенгашининг алоқа бўлими бошлиғи Рикке Ҳольм Петерсен.

Ҳукумат музейлар, томдаги барлар, хайрия ташкилотлари каби байдаркаларни ижарага берадиган дастур иштирокчиларига тўловларни қайтармайди. Бугунги кунга қадар 24 та ташкилот пилот лойиҳасига қўшилган.

Агар лойиҳа муваффақиятли чиқса, у йил давомида амал қилади.