10 июль «Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-249-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан электрон дўкон воситасида давлат харидларини амалга оширишда нарх ва бошқа шароитлар тенг бўлган ҳолларда, белгиланган мезонларнинг бири асосида ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаган кичик тадбиркорлик субъектларининг таклифлари устунликка эга бўлади.

  • 2024 йил 1 сентябрдан 2025 йил 31 декабргача кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари ёрдамида ишлаб чиқилган лойиҳалар доирасида импорт қилинадиган асбоб-ускуналарни суғурталаш ҳамда хомашё ва материалларни сертификатлаш харажатларининг 50 фоизигача қисмини, бироқ БҲМнинг 30 бараваридан (10 млн 200 минг сўм) ошмаган миқдорда қоплаб берилади.

Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва ушбу тизимда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 2024 йил 1 октябрдан давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар улар тузилишидан олдин камида 1 иш куни, шунингдек, тендер савдолари натижаларига кўра расмийлаштирилган баённомалар давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштириш орқали камида 2 иш куни давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Қарорга мувофиқ, 2024 йил 1 сентябрдан:

  • устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятлари, шунингдек, уларнинг таркибидаги хўжалик жамиятлари кузатув кенгашларининг давлат харидлари йиллик ва чораклик режа-жадваллари ҳамда импорт қилиш режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатларини тасдиқлаш бўйича қарорлари муҳим факт сифатида ошкор қилиб борилади;
  • давлат харидлари махсус ахборот порталида корпоратив буюртмачиларнинг ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур бўладиган товарларни маҳаллийлаштириш орқали кооперация алоқаларини йўлга қўймоқчи бўлган юридик шахслар томонидан ўз таклифларини бериш имконияти яратилади.

2024 йил 1 октябргача давлат харидлари махсус ахборот порталида давлат буюртмачилари амалга оширган давлат харидлари натижаларига кўра товарлар (ишлар, хизматлар), шу жумладан, уларнинг турлари кесимида шаклланган нархларни жамоатчилик учун очиқ ифодаловчи алоҳида саҳифа жорий этилади ҳамда давлат буюртмачиларига ушбу саҳифа асосида бошланғич нархни шакллантириш имконияти яратилади.

2024 йил 1 декабргача давлат харидлари тизимининг мобил иловалари яратилади.

Ҳар йил якуни бўйича 2025 йилнинг 1 апрелигача давлат харидлари соҳасида «Энг фаол тадбиркор» ҳамда «Энг яхши буюртмачи» танловлари ўтказилади.