Сенатнинг эллик тўртинчи ялпи мажлисида янги таҳрирдаги «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, амалдаги қонун 2009 йилда қабул қилинган бўлиб, унда электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори, жумладан, соҳада рақобатни қўллаб-қувватлаш механизмлари назарда тутилмаган, электр таъминотининг ишончли, хавфсиз, барқарор ҳамда кам харажатли ишлашини таъминлайдиган нормалар акс эттирилмаган, истеъмолчиларнинг нархлар ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари белгиланмаган. Шу боисдан қонун бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди.
Янги таҳрирдаги «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонуни ушбу масалаларни ечимига қаратилган бўлиб, давлат сиёсатининг қуйидаги асосий йўналишларини назарда тутади:
- ишончли, хавфсиз ҳамда барқарор электр таъминоти тизимини яратиш учун ҳуқуқий асосларни шакллантириш орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш;
- истеъмолчиларнинг нархлар, ишончли электр таъминоти ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш;
- самарали, шаффоф ва рақобатбардош электр энергияси бозорининг ривожланишини қўллаб қувватлаш;
- хусусий инвестицияларни рағбатлантириш;
- электр энергетикаси соҳасининг самарали, шаффоф ва дискриминацияга йўл қўймаслик тамойилига асосланган фаолият юритиши учун умумий қоидаларини белгилаш;
- электр энергетикаси корхоналарининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликларини белгилаш ҳамда уларнинг ўзаро ва давлат ҳокимияти органлари билан муносабатларининг ҳуқуқий асосларини яратиш;
- ягона электр энергетикаси тизимининг хавфсизлигини таъминлаш ва бу тизимни такомиллаштириш.
Қонун билан рақобат муҳитини ривожлантириш билан бир қаторда, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва жорий этишни рағбатлантирувчи электр энергетикаси соҳасининг самарали фаолият юритиши учун тузилма ва умумий қоидаларни белгилаш назарда тутилмоқда.
Қонун ваколатли истеъмолчи, ижтимоий хизмат, ишлаб чиқарувчи, йирик истеъмолчи каби қатор тушунчалар билан тўлдирилмоқда.
Қонунда Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ҳамда бошқа давлат органларининг ваколатлари ва шу ваколатлар доирасида амалга оширадиган фаолияти белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, қонунда электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори концепцияси электр энергияси бозорини ва унинг алоҳида сегментларини ташкил этишнинг ҳамда улар фаолият кўрсатишининг батафсил тартибини ва тамойилларини белгилаши назарда тутилган.
Қонунда Энергетика бозори регулятори томонидан ишлаб чиқилиши ва Ўзбекистон президенти томонидан тасдиқланиши белгиланган концепсия ҳам назарда тутилган.
Қонун билан Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари, Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари, Марказий харид қилувчининг тижорат қоидалари, Электр энергияси бозорининг умумий қоидалари, Электр энергияси бозори мониторинги, Тизим оператори учун умумий қоидалар учун талаблар белгиланмоқда.