«Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси юридик шахслар учун электр энергияси коэффициентлари оширилганига изоҳ берди.

Журналист Шуҳрат Шокиржоновнинг хабар беришича, тадбиркорлар электр энергияси лимити ошиб кетганда икки баравар тўлай бошлаган.

«[Юридик шахсларга] 1 кВт/соат учун 900 сўм қилинганди. Лимитни абонент ўзига ўзи белгилаган ва предоплата қилган. Айтайлик, ойига 5000 кВт/соат. Лимитдан ошса, 960 сўмдан тўлашган. Энди лимитдан ошса 1 кВт/соатни 1800 сўм қилишибди», — деб ёзди у.

Унинг сўзларига кўра, шу сабабдан кўплаб тадбиркорлар лимит белгиламай тўлаб юрган.

«1 июндан бошлаб ўзига лимит белгиламаганлардан 100 кВт/соатдан уёғини 1800 сўмдан ечяпти ва пул тугаб ўчириляпти экан», — дейди у.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 30 май куни президент билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида юридик шахслар учун электр ва газ истеъмоли коэффициентларини ошириш режалари ҳақида гапирганди.

«Қўшимча равишда меъёрлар белгиланади, яъни газ ёки электр энергияси истеъмоли белгиланган лимитнинг 10 фоизидан ошса, ортиқча ҳажмга 2 бараваригача бўлган тариф қўлланади. Бу нима учун қилинмоқда? Бу — бугунги кунда импорт борлиги ҳисобига янада қимматлашиб бораётган энергия ресурсларини тежаш. Иқтисодиётимизнинг максимал энергия самарадорлигига эришиш зарур», — деганди у.

Энергетика вазирлиги ўшанда «Газета.uz»га ойдинлик киритгандики, ушбу тартиб юридик шахслар (хусусий тадбиркорлик субъектлари, давлат корхоналари ва давлат ташкилотлари) учун жорий этилади. Мисол учун, корхона ёки давлат ташкилоти учун лимит 100 кВт/соатни ташкил этади, аммо истеъмол 120 кВт/соат бўлди. Икки бараварлик тариф 10 кВт/соат учун қўлланади.

Янги қоидалар

Бу меъёр Вазирлар Маҳкамасининг 31 майдаги қарори билан тасдиқланган янги электр энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларида ўз аксини топган, деб хабар берди «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси. Ҳужжат 10 июндан кучга кирди, яъни Lex.uz қонунчилик базасида эълон қилинганидан 10 кун ўтиб пайдо бўлди. Энергетика вазирлиги ҳужжат ҳақида 15 июнь куни хабар берган.

Қоидаларнинг 5-бандидан келиб чиқиб, ҲЭТКга истеъмол қилинадиган электр энергияси ҳажмларининг ўзгартирилиши тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритиш мумкин, бунда электр энергиясининг шартномадаги ҳажмини ўзгартириш бўйича таклиф мўлжалланаётган ҳисобот ойи бошланишидан 10 кун олдин берилиши керак.

«Ушбу қоидаларни амалга оширишдан асосий мақсад истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан тежамкор ва оқилона фойдаланишни ташкил этишдан иборат», — дейилади компания хабарида.

ҲЭТнинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, агар тадбиркор лимит қўймаса, 100 кВт/соатдан ошиб кетган тақдирда икки баравар тариф қўлланади. Шунингдек, бу лойиҳанинг техник шартларида кўрсатилгани таъкидланди.

«Жуда қиммат хато»

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов июнь ойи бошида Энергетика вазирлигининг бу қарорини «жуда қиммат хато» деб атаганди. Унинг таъкидлашича, жисмоний шахслар учун ҳам энергия жуда катта субсидиялашган нархда, ишлаб чиқариш харажатларидан бир неча баробар арзон нархда берилади.

«Бунинг сабаби: молиявий қийналганроқ қатламдаги инсонларга давлат томонидан сал ёрдам бўлиши учун. „Ижтимоий норма“ деб аталган лимитдан кўпроқ истеъмол қилсалар нарх ошар эди, ўша ошган нарх ҳам харажатларни мутлақ қопламаса-да, қандайдир маънода субсидияни даромади кўпроқларга камроқ беришда эди. Бу ерда фараз шуки, кўпроқ энергия истеъмол қиладиганлар одатда бойроқ ва уларга „ижтимоий нархларда“ бир неча баробар арзонга бошқа солиқ тўловчилар ҳисобидан электр билан таъминлаш хато эди», — дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, худди шу схемани юридик шахсларга нисбатан қўллаш «мутлақо хато».

«Чунки, биринчидан, шундоқ ҳам юридик шахслар тўлайдиган нарх харажатлардан юқорироқ. Яъни мантиқан юридик шахслар ишлатган ҳар бир киловатт энергиядан, энергетик компаниялар фойда олишади. Жисмоний шахсларда тескариси, ҳар бир уйда ёқилган киловатт соат свет учун давлат — яъни солиқ тўловчилар орасидаги фарқни компенсация қилишади. Юридик корхоналарда эса тескариси — қанча кўп ёқишса — шунча фойда», — деб ёзди у.

Лекин бу қарорнинг асли энг ёмон тарафи иқтисодий шикастида, дейди иқтисодчи. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги энг катта муаммолардан бири «ўртача фирманинг кичиклиги»дир. Яъни бизда, бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, корхоналарни нуфузи ортиши жуда қийин масала, дея тушунтирди у.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Энергетика вазирлиги 1 кВт/соат электр энергияси нархи 895 сўм (ҚҚС билан 1002 сўм) эканини маълум қилганди. Хусусан, 1 кВт электр энергияси ишлаб чиқариш харажатлари 741,93 сўмни, транспортировка харажати 57,8 сўмни, тақсимлаш ва сотиш харажатлари 202,4 сўмни ташкил этади.