Самарқанд ва Андижонда АҚШ ва Жанубий Корея давлатларига ишга юборишни ваъда қилган шахслар аниқланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Пайариқ тумани бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда F.T. МЧЖ раҳбари Ф.Б. фуқаро У.А.ни 13 минг доллар эвазига АҚШга ишга юборишни ваъда қилгани аниқланган. У олдиндан 10 минг долларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Бошқа ҳолатда департаментнинг Қўрғонтепа тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Д.М. ва Д.Х. қўлга олинган. Улар фуқаро А.Ю.нинг ишончига кириб, унинг фарзандини Жанубий Кореяга ишга юбориш эвазига 1 900 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.