Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида 14 ёшли қизни 7 ой давомида мажбуран сақлаб келиб, турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган аёлга қонуний чора кўрилди, деб хабар бермоқда болалар омбудсмани.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ноябрь ойида болалар омбудсманига вилоятнинг Китоб туманида яшовчи вояга етмаган (2009 й.т.) Ч.Т. мурожаат қилган. Унда қиз 2023 йилнинг май ойидан 15 ноябрга қадар Шаҳрисабз тумани Хўжабоғ қишлоғида яшовчи фуқаро Н.А. (аёл)нинг уйида зўрлик ва таҳдид орқали турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлангани ҳақида сўз борган.

Вилоят прокуратураси 24 ноябрь куни ҳодисани ўрганишни бошлаган. Китоб тумани прокурори томонидан фуқаро Н.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов гуруҳи тузилган ва тезкор равишда тергов ҳаракатларига киришилган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хабар қилишича, қиз Китоб туманида яшовчи отаси Ғ.Ж.нинг қарамоғида бўлган, онаси Х.С. 2023 йил январь ойида Россияга ишлаш учун кетган ва, хабар узатилган кун ҳисобидан, яшаш манзилига қайтиб келмаган. Қизнинг тоғаси Х.М. томонидан қилинган мурожаатга асосан, ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли суриштирув ишларига киришилган.

8 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судида судланувчилар айбли деб топилди.

Жумладан, судланувчи Н.А. исмли аёл ЖКнинг 135-моддаси 3-қисмининг «а, г» бандлари ҳамда 127-моддасининг 3-қисми (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

️Судланувчи эркаклар А.Ф. ва Ш. У. ЖКнинг 118-моддаси 3-қисмининг «а» банди (Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш), 135-моддаси 3-қисмининг «а, г» бандлари, 127-моддасининг 3-қисми билан айбли деб топилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Сурайё Раҳмонованинг таъкидлашича, судланувларнинг аппеляция шикоятлари қаноатлантирилмаган.

Унинг эслатишича, бу тоифадаги жиноятлар учун, жавобгарликнинг янги тартибига биноан, берилган жазо юмшатилмайди ва тўлиқ ўталади.

Вояга етмаган жабрланувчи Ч.Т.га жиноят иши юритуви давомида ва ҳозирда зарур бўлган барча ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатилмоқда, деб ёзди болалар омбудсмани.