Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов Ўзбекистонда хусусий университетларга лицензия бериш тўхтатилганини маълум қилди. Бу ҳақда у YouTube`даги «Lolazor» лойиҳасида бўлган суҳбат давомида айтиб ўтди.

Вазир кўплаб талабалар чет элга ўқишга кетиши фонида хусусий университетлар балансни ушлаб турганини таъкидлади.

«Биз хусусий университет очмаймиз десак, талабалар чет элга кетади. Ҳозирнинг ўзида шунча хусусий ОТМ очилганидан кейин ҳам 110 минг талаба четда ўқияпти. Уларнинг сони 500 минг ҳам бўлиши мумкин эди… Бир томондан, хусусий университетлар балансни ушлаб турибди, деб ўйлайман», — деди у.

«Лекин хусусий экан деб буни очаверсак, у эса етарли таълим сифатини бермаса, бу яхши эмас. Охирида чиққан кадр яна ишсиз қолиб кетади. Жамиятда ишсиз олий маълумотлилар кўпайиб кетиши мумкин. Ҳозир хусусий университетларга лицензия бериш тўхтатилди. Бор университетлар билан таълим нуқтаи назаридан ишланмоқда», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда мамлакатдаги хусусий ОТМлар сони 67 тани ташкил этади, уларда қатор текширувлардан ўтказиляпти.

«Қайсисида салоҳият етмаётган ёки ҳажм нуқтаи назаридан муаммолари бўлса, уларга тўғрилаш ҳақида хат бериляпти. Шуни тўғрилашгач, фаолиятига халақит қилинмай, ишини давом эттиряпти. Унга жавоб бермайдиганлар судга бериляпти. Агар суд жараёнида улар ўзларини оқласа, лицензияси сақлаб қолиняпти. Талабга жавоб бермаса, ёпиш бўйича қарор чиқариляпти», — деди вазир.

Шунингдек, олий таълим тизими масъули хусусий университетларнинг ёпилиши тарафдори эмаслигини ҳам қўшимча қилди.

«Мен хусусий университетлар тарафдориман. Уларни ёпиш керак, деган тарафда эмасман. Шу пайтгача бўлган ОТМларнинг ичини инвентаризация қилиб кўрайлик. Яхши ишлаб турганларига ҳеч қандай чеклов йўқ. Уларга қўшимча йўналишлар сўрашса ҳам беряпмиз», — деди у.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, мамлакатда охирги бор 2023 йилнинг октябрь ойида хусусий ОТМга фаолият учун лицензия берилган.

Вазирнинг таъкидлашича, ҳозирда хусусий университетларга лицензия бериш тизимини такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Яқинда ҳужжат эълон қилиниши кутилмоқда. Вазирлик «Газета.uz»га айни дамда ҳам хусусий ОТМ очиш учун лицензия сўраб мурожаат қилиш имкони борлигини билдирди.

2024 йилнинг февраль ойида вазирлик лицензияси бекор қилинган хусусий ОТМларнинг талабалари ўқишни бошқа университетга кўчириши мумкинлигини маълум қилганди.