Президент «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси ҳудудини кенгайтиришга доир қарорни имзолади.

Қарорга кўра, Қувасой шаҳри ҳокимлиги захирасидаги жами 210,4 гектар ер участкалари ҳисобига «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси («Қўқон» ЭИЗ) ҳудуди кенгайтирилади. Бу «Фарғона вилоятида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш мақсадида» амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.

Бунинг учун «Қўқон» ЭИЗ кенгайтирилаётган ҳудудининг бош режаси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади, бунда:

  • «„Қўқон“ эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» унитар корхонаси бош режани ишлаб чиқишда буюртмачи ташкилот этиб белгиланади;
  • бош режа лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа ташкилоти тендер (танлов) савдолари натижасига кўра аниқланади.

2026 йил охиригача «Қўқон» ЭИЗнинг кенгайтирилаётган ҳудудида камида 1 миллиард доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилган. Шунингдек, 11,7 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши, йилига 965 миллион доллар қўшимча маҳсулот ишлаб чиқарилиши, шундан 313,6 миллион доллари экспортга йўналтирилиши белгиланган.

«Қўқон» ЭИЗ ҳудудини кенгайтириш режалари ҳақида 2023 йил январидаги президент йиғилишида айтиб ўтилган эди. Ўшанда, шунингдек, «Ғиждувон» ЭИЗнинг ҳам ҳудудини катталаштириш, Қорақалпоғистон ва Қашқадарёда «Ургут» ЭИЗнинг филиалларини ташкил этиш кўзда тутилган эди.