8 июль куни «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-247-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди.

Қарорга кўра, Хитой ҳукумати, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Хитой — Қирғизистон -Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини биргаликда амалга оширишда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битим тасдиқланди.

Битим 2024 йил 6 июнь куни Пекин шаҳрида имзоланган. Транспорт вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин унинг қоидалари амалга оширилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлайди.

2023 йил май ойида Хитой темирйўл қурилиш корпорациясининг биринчи лойиҳа-тадқиқот институти Хитой — Қирғизистон -Ўзбекистон темирйўли қурилишининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни якунлаганди.

Таҳлилга кўра, унинг қурилиши ортиб бораётган юк ташиш ҳажмига самарали хизмат кўрсатиш, уларни ташиш вақти ва нархини сезиларли даражада камайтириш имконини беради, деганди Ўзбекистон раҳбари битимни имзолаш маросимида.

Мутахассисларнинг қайд этишича, юк ташиш йиллик ҳажми 15 миллион тоннагача етиши мумкин, товарларни якуний истеъмолчиларга етказиш муддати эса 7 кунга қисқаради. Бундан ташқари, замонавий транзит ва логистика инфратузилмаси, омборхоналар ва терминаллар яратилади.

Шавкат Мирзиёев лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида вужудга келадиган иқтисодий таъсирни барча мамлакатлар ҳис қилишини айтди.

«Аввало, янги корхоналар ва ўн минглаб иш ўринлари яратилади, ўзаро товар айрибошлаш ҳажми ва саноат кооперацияси кўлами, инвестицион жозибадорлик ўсади ва асосий натижа — фуқароларимизнинг турмуш даражаси ошади», — дея тушунтирганди у.

Йўл мамлакатларимизга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини бериб, транзит салоҳияти ва минтақалараро ўзаро боғлиқликни сезиларли даражада оширади, қайд этганди президент.