Туркия ички ишлар вазирлигига қарашли Силиври депорт марказидан 34 нафар аёл озод этилиб, Ўзбекистонга қайтарилди, дея хабар бермоқда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси.

Қайд этилишича, қўмита ташаббуси билан 21−25 апрель кунлари Сенат, Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Туркияда сайёр қабуллар ташкил этган.

Уларда меҳнат муҳожири бўлган хотин-қизларни ҳимоя қилиш, жиноятчилик содир этиш ҳолатлари ва одам савдоси қурбони бўлишларининг олдини олиш ҳамда мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларини тугатиш мақсад қилган. Хусусан, қўмита раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова бошчилигидаги делегация Туркиянинг Истанбул ва Бурса шаҳарларида учрашувлар ўтказган.

Видеодан лавҳа: Оила ва хотин қизлар қўмитаси.Видеодан лавҳа: Оила ва хотин қизлар қўмитаси.

Учрашувлар давомида 255 нафар аёлнинг муаммолари ўрганилган. Жумладан, мамлакат Ички ишлар вазирлигига қарашли Силиври депорт марказидан 34 нафар аёл озод этилиб, ватанга қайтарилган.

Шунингдек, 4 нафар аёлга қонуний яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар шакллантирилган ва 100 нафардан ортиқ аёлга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Яна 3 нафар аёл озодликка чиқарилган ҳамда 2 нафар оғир аҳволдаги беморни Ўзбекистонга етказиб келишга эришилган.