Дания ва Нидерландия ҳукуматлари АҚШ кўмагида Американинг F-16 қирувчи самолётларини Украинага «ўтказиш жараёнида» турибди. Бу ҳақда 10 июль куни Оқ уй сайтида эълон қилинган уч давлат баёнотида айтилади.

«Ҳозирда F-16 ни узатиш жараёни давом этмоқда ва Украина шу ёзда F-16 да учишни бошлайди. Оператив хавфсизлик сабаб ҳозирча қўшимча маълумот бера олмаймиз», — дейилади АҚШ президенти Жо Байден, Нидерландия бош вазири Дик Схооф ва Дания бош вазири Метте Фредериксен номидан қилинган баёнотда.

Reuters хабарига кўра, Нидерландия Украинага 24 та, Дания эса 19 та қирувчи самолёт етказиб беришга ваъда берган. Норвегия ва Бельгия ҳам Киевга самолётлар етказиб беришни ваъда қилган.

F-16 самолётларининг Украинага топширилиши ҳақида НАТОнинг Вашингтондаги юбилей саммити доирасида эълон қилинганди. Саммитда иштирок этган Украина президенти Владимир Зеленский мамлакатга 128 та F-16 қирувчи самолёти кераклигини айтган. «Улардан 50 таси бўлса ҳам, ҳеч нарса эмас. Уларда [Россия армияси] уч юзта бор, бизда эса 50. Биз ўзимизни ҳимоя қиляпмиз, бизга 128 та самолёт керак. Бизда шунча самолёт бўлмагунча, осмонда уларга тенглаша олмаймиз, қийин бўлади», — деганди у.

  • 2023 йилнинг май ойида АҚШ Европадаги иттифоқчилари билан F-16 самолётлари бўйича украиналик учувчиларни ўқитишга келишиб олганди. Ушбу қарор ЕИ мамлакатларига ушбу самолётларни Киевга жўнатиш тўғрисида эълон қилиш имконини берди, чунки Америка ҳарбий техникасини қайта сотиш фақат АҚШ розилиги билан амалга ошиши мумкин.
  • Украинанинг ҳозирги ҳаво флоти асосан Совет давридаги МиГ-29 ва Су-27 қирувчи самолётларидан иборат. Улардан фарқли ўлароқ, F-16 узоқ масофалардаги душман нишонларига ўқ узиши ва юқори аниқликдаги бомбаларни ишга тушириши мумкин.