2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон аэропортларига 53,3 мингта рейс амалга оширилди, шундан 16,3 мингтаси ички йўналишларда, 36,9 мингтаси халқаро йўналишларда бўлди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 37 фоизни ташкил этди, дея хабар қилди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
Январь-июнь ойларини қўшиб ҳисоблаганда Ўзбекистон аэропортлари 6 369 384 нафар йўловчига, жумладан, ички рейсларда 1 263 304 нафардан ортиқ, халқаро рейсларда эса 5 106 080 нафар йўловчига хизмат кўрсатган. 2023 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 36 фоизни ташкил этган.
Биринчи ярим йилликда салкам 40,7 тонна юк ва почта жўнатмалари ҳам ўтказилган, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 18 фоизга кўпдир.
Бугунги кунда Ўзбекистон аэропортлари 84 та йўналиш бўйича йўловчи рейсларига хизмат кўрсатмоқда, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга кўп ҳисобланади. Бу кўрсаткич янги авиаташувчилар жалб этилиши ва бир вақтнинг ўзида бир нечта янги йўналишларнинг ишга туширилиши ҳисобига ошди, дея таъкидлади компания.
14 мартдан Варшава-Тошкент-Варшава йўналишида парвозларни йўлга қўйган LOT Polish авиакомпанияси, 2 июндан Доҳа ва Тошкентни тўғридан-тўғри рейслар билан боғлаган Qatar Airways ва 3 июндан Анқара-Тошкент-Анқара йўналишида парвозларни йўлга қўйган Туркиянинг AJet авиакомпанияси шулар жумласидандир. Май ойида Испаниянинг World2Fly компанияси Мадриддан Тошкент ва Урганчга сайёҳлик чартер рейсларини йўлга қўйди.
Ҳозирда Uzbekistan Airports 45 та авиакомпания билан ҳамкорлик қилади.