3 июль куни ҳукумат давлат хизматларини кўрсатиш тизимини соддалаштириш ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Адлия вазирлиги ташаббуси билан киритилган ўзгартиришларга кўра, автотранспорт воситаларини қайта жиҳозлаш учун рухсатнома бериш муддати 15 кундан 10 кунгача қисқартирилмоқда, яъни транспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш муддатига мослаштирилмоқда.

Автомобиль қайта жиҳозланган деб тан олинадиган ўзгаришлар рўйхати ҳам кенгаймоқда — 58 тадан 241 тагача. Давлат хизматлари агентлигининг «Газета.uz»га тушунтиришича, илгари айрим ҳолларда, масалан, юк машинасини маиший чиқиндиларни ташиш машинасига айлантириш учун қайта жиҳозлашга қонуний асос бўлмагани боис бу ҳаракатлар тақиқланган эди. Ҳозир бу рўйхат сезиларли даражада кенгаймоқда, яъни қонунчилик базаси яратилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, автомашинани қайта жиҳозлашга рухсат бериш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 30 фоизи (102 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

Автомобилга бир вақтнинг ўзида иккита газ баллони (сиқилган ва суюлтирилган газ) ўрнатишга тақиқ жорий этилмоқда.

Ўлчами катта ва оғир юкларни ташишга рухсат бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати 8 иш кунидан 2 иш кунигача қисқартирилмоқда.

Бундан ташқари, автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига ишончнома электрон шаклда расмийлаштирилганда эгасининг қарздорлиги Мажбурий ижро бюросининг маълумотлар базаси орқали автоматик тарзда текширилади.